Бугун Ўзбекистон вақти билан тонг отар пайтида АҚШнинг Атланта шаҳрида профессионал бокснинг WBA йўналиши бўйича бир қатор рейтинг жанглари ўтказилди.
Биз ўзбекистонликлар учун мазкур мусобақанинг аҳамиятли жиҳати шундаки, унда ҳамюртимиз, асли сирдарёлик, ҳозир Россия байроғи остида жанг олиб бораётган Ботир Аҳмедов биринчи ярим енгил вазнда (63,5 кг) собиқ жаҳон чемпиони, доминиканлик Архенис Мендес билан учрашуви бўлиб ўтди.
34 ёшли Мендес профессионал боксда жуда катта тажрибага эга бўлган боксчи. Фаолияти мобайнида 25 та жанг ўтказган собиқ жаҳон чемпиони 12 раундга мўлжалланган бокс оқшомида хамюртимизга ўзига хос тарзда “сабоқ” бериш учун муносиб жанг олиб борди. Ҳаттоки айрим раундларда Аҳмедовни мувозанатдан чиқаришга ҳам эришди.
Аммо профессионал боксда ўз ўрнини тобора мустаҳкамлаб келаётган (9та жангнинг 8 тасини ғалаба билан якунлаган) ўзбек боксчиси Аҳмедов мамлакатимизда ўтказилган мусобақалардаги тажрибаси, Россиядаги ўқув-машғулотлардаги кўникмалари натижасида профессионал бокснинг “эски гвардияси” сардорига муносиб қаршилик кўрсатди ва 8-раундда Мендеснинг ринга чиқишдан бош тортиши оқибатида ғолибликка эришди. Аслида Ботирнинг раундлар мобайнидаги кучли ва тактик зарбалари ўз сўзини айтди.
Шундай қилиб, Ботир Аҳмедов профессионал бокснинг WBA йўналишида чемпионликка даъвогарлик ўрнини мустаҳкамлаб олди.
Айтиш лозимки, профессионал бокснинг ушбу йўналиши ва вазнида Шоҳжаҳон Эргашев, Шаҳрам Ғиёсов ва Ботир Аҳмедов чемпионлик камари учун даъвогарлик қилиб келмоқда. Шу кунгача, яъни жорий йилнинг июнь ойи ҳолатига кўра, WBA таснифида Шаҳрам 3-ўринни, Ботир 4-ўринни, Шоҳжаҳон эса 8-ўринни эгаллаб келаётганди. Аҳмедовнинг бугунги ғалабаси эса уни чемпионликка асосий даъвогар мақомига олиб чиқиши, шубҳасиз. Асли сирдарёлик, ҳозир Россия номидан рингга кўтарилаётган Ботирнинг ушбу ғалабаси хусусида vRINGe.com сайти батафсил маълумот келтириб ўтди.
Тўлқин Рўзиев,
ЎзА