Ботаника ва дендрология боғларини ташкил этишда молиявий ва амалий ёрдам кўрсатган шахсларга меценат мақоми берилади
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, 2028 йилга қадар Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида қўшимча равишда жами майдони 100 гектардан кам бўлмаган ботаника ва дендрология боғларини ташкил қилинади.
Ботаника ва дендрология боғларини ташкил этиш билан боғлиқ харажатлар қуйидаги манбалар ҳисобидан амалга оширилади:
а) Умуммиллий экологик муаммоларни бартараф этиш давлат мақсадли жамғармаси;
б) "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси учун Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар;
в) халқаро ва хорижий ташкилотларнинг грант маблағлари, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари ҳамда қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар. Бунда ботаника ва дендрология боғларини барпо этиш учун халқаро консультантлар, олимлар, экспертлар ва мутахассисларни жалб этиш харажатлари ҳам инобатга олинади.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ботаника ва дендрология боғлари майдонининг чегараларига қадар ташқи муҳандислик тармоқлари ва транспорт коммуникацияларини ташкил этиш, жумладан, электр энергияси, газ ва сув таъминоти, йўллар ва телекоммуникация тармоқлари бўйича ишларни тегишлилиги бўйича Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
Фармонга кўра:
а) ботаника ва дендрология боғларини ташкил этиш мақсадида лойиҳаларни амалга ошириш доирасида импорт қилинган товарлар, дарахт, бута кўчатлари ва уруғлари, махсус ва технологик асбоб-ускуналар, бутловчи қисмлар:
мажбурий мувофиқликни баҳолаш тартиботларидан ўтишдан;
божхона божи тўловларидан (божхона расмийлаштируви учун йиғимлар бундан мустасно);
б) ботаника ва дендрология боғлари ҳудудида илмий ташкилотларнинг илмий тажриба, экспериментал ишлар ва янги навларнинг селекцияси билан боғлиқ тадбирларни ўтказиш ҳамда бошқа илмий ва ўқув мақсадлари учун фойдаланиладиган экин ва дарахтзорлар эгаллаган ер участкалари ер солиғидан озод қилинади.
Синов тариқасида:
а) ботаника ва дендрология боғларини ташкил этишда жисмоний ва юридик шахсларга ушбу боғлардаги участкалар ва (ёки) улар ҳудудидаги ноёб дарахтларни ўз номига шартнома асосида бириктириб қўйишга (тамғалашга) рухсат этилади;
б) ботаника ва дендрология боғлари спортчи, санъаткор, тадбиркор ва бошқа ташаббускорлар маблағлари ҳисобига ташкил этилганда боғнинг кираверишида уни ташкил этишда иштирок этган шахслар номлари битилган лавҳа ўрнатилади;
в) ботаника ва дендрология боғларини ташкил этишда молиявий ва амалий ёрдам кўрсатган шахсларга меценат мақоми берилади;
г) кўчатчилик хизматлари билан шуғулланувчиларга ботаника ва дендрология боғларининг ер участкаларини ноёб дарахт кўчатларини экиш ва парвариш қилиш учун белгиланган тартибда ижара ҳуқуқи асосида беришга рухсат этилади. Бунда ижарачилар ер участкаларидан фақат дарахтларни реклама ва экспозиция сифатида намойиш қилиш учун фойдаланиш ҳамда келгусида дарахтларни ботаника ва дендрология боғларига қолдириш мажбуриятини олади.
2027 йил 1 январдан бошлаб ботаника ва дендрология боғларининг самарали фаолият кўрсатиши ва барқарор ривожланишини таъминлаш мақсадида республиканинг ҳар бир ҳудудидан мазкур боғларга "яшиллик элчиси" сифатида бириктирилади.
ЎзА