2028 йилга қадар жами майдони 100 гектардан кам бўлмаган ботаника ва дендрология боғлари ташкил қилинади
Ўзбекистон Республикаси Президенти “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади.
Унга мувофиқ, қуйидагилар ушбу Фармоннинг асосий мақсадлари этиб белгиланди:
а) 2028 йилга қадар Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида қўшимча равишда жами майдони 100 гектардан кам бўлмаган ботаника ва дендрология боғлари ташкил қилинади;
б) халқаро стандартларга мувофиқ, 2030 йилгача Ўзбекистонда умумий яшиллик даражаси 14,2 фоиздан 30 фоизгача оширилади, аҳоли жон бошига тўғри келадиган яшил ҳудуд майдони 9-10 м2гача кенгайтирилади;
в) РМ2.5 ва РМ10 каби зарарли заррачаларнинг концентрацияси 20-25 фоизга камайтирилади, иқлим шароити оғир ҳудудларда ҳаво ҳароратини ўртача 1,5-2°С гача пасайтириш имконияти яратилади.
Фармонга кўра:
а) Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ботаника ва дендрология боғларини ташкил этиш учун ажратиладиган ер участкалари рўйхати;
б) ботаника ва дендрология боғларини ташкил этишнинг асосий вазифалари тасдиқланди.
Дендрология боғлари мақомига кўра ботаника боғларига тенглаштирилади.
Ботаника ва дендрология боғларини ташкил этиш мақсадида ажратиладиган ер майдонлари, истисно тариқасида, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши нобудгарчилиги ўрнини қоплаш бўйича компенсация тўловларидан озод қилинади.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси ҳамда Кадастр агентлиги билан биргаликда икки ой муддатда ушбу Фармонга мувофиқ ер участкалари:
а) маҳаллий ҳокимликлар захирасига қайтарилишини;
б) белгиланган тартибда Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университетига (Green University) доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратилишини таъминлайди.
Икки ой муддатда ботаника ва дендрология боғларини ташкил этиш концепциялари ишлаб чиқиб, тасдиқланади.
Уч ой муддатда дендрология боғларига муҳофаза этиладиган табиий ҳудуд мақомини беришни назарда тутувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади.
Ботаника ва дендрология боғлари Экология қўмитаси тасарруфида бўлади ҳамда умумдавлат аҳамиятига молик объект ҳисобланади.
Ботаника ва дендрология боғлари Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети (Green University) ва "яшил" техникумларнинг тажриба, экспериментал ва ўқув-тажриба, илмий ҳамда ўқув мақсадлари учун фойдаланиладиган объектлари ҳисобланади.
Ботаника ва дендрология боғларининг ер участкаларини хусусийлаштириш ёки бегоналаштириш, иккиламчи ижарага бериш, уларнинг ҳудудларини қисқартириш қатъий тақиқланади.
Ботаника ва дендрология боғларини лойиҳалаш, ташкил этиш ва уларни эксплуатация қилиш жараёнларида халқаро экологик стандартлар, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича умумэътироф этилган экологик меъёрлар ва миллий қонунчилик талабларига қатъий риоя қилиниши таъминланади.
ЎзА