Бўстонлиқда автомобиль йўлига чиққан айиқ видеоси юзасидан расмий изоҳ берилди
Ижтимоий тармоқларда Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги Пском қишлоғига олиб борувчи автомобиль йўлида айиқ юргани акс этган видеотасвирлар тарқалиб, тармоқ фойдаланувчилари одамларни ҳудудда эҳтиёткор бўлишга чақирди.
Мазкур ҳолат юзасидан Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги расмий изоҳ берди.
Қайд этилишича, ушбу тасвирлар туманнинг энг юқори қисми — Угом-Чотқол давлат миллий табиат боғи ҳудудида олинган.
Бу жой ёввойи ҳайвонларнинг табиий яшаш муҳити ҳисобланади ва айиқ ўз ареалида ҳаракатланган. Вазирлик маълумотига кўра, айни пайтда масъул ходимлар вазиятни тўлиқ назоратга олган.
Шу билан бирга, шу йўл орқали ўтаётган ҳайдовчилар ва бошқа фуқаролардан эҳтиёткорлик чораларига риоя қилиш сўралади.
Моҳичеҳра Эшмирзаева, ЎзА