Янги мажмуа қурилмоқда
Янги Тошкент шаҳрида Жиззах вилоятининг салоҳиятини акс эттирувчи 100 гектарлик мажмуа қурилиши бошланди. Ҳудудда замонавий турар жойлар, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари барпо этилади. Лойиҳа доирасида вилоятнинг миллий таомлари ва ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмаси ташкил этилади.
Янги Тошкент шаҳрида Жиззах вилоятининг маданий ва иқтисодий салоҳиятини акс эттирувчи 100 гектарлик махсус мажмуа қурилиши бошланди. Ушбу ҳудудларда вилоятларнинг тарихи, маданияти ва анъаналарини акс эттирувчи мажмуалар барпо этилиши белгиланган.


Энди ажратилган майдонда Жиззахнинг ўзига хос қиёфасини шакллантириш ишлари бошланди. Бу ерда замонавий турар жойлар, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари ташкил этилади. Шунингдек, миллий муҳитни акс эттирувчи масканлар ҳам барпо қилинади.


Лойиҳа доирасида вилоятнинг миллий таомлари, ҳунармандчилик анъаналари ва маҳаллий маҳсулотлари кўргазмаси ташкил этилади. Жиззахнинг машҳур сомсаси ҳам пойтахт аҳлига тақдим этилади.
Жиззах вилояти ҳокими, тадбиркорлар ва соҳа мутахассислари мажмуа қурилишига тамал тошини қўйди.


Эндиликда асосий вазифа ушбу имкониятдан самарали фойдаланишдир. Барпо этиладиган маскан Жиззахнинг иқтисодий салоҳияти, маданий мероси ва тадбиркорлик имкониятларини намоён этиши лозим. У пойтахт аҳолиси ва меҳмонлари учун ҳам ўзига хос манзилга айланиши кутилмоқда.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири