Бошқарма масъуллари диктант ёзди
Ўзбек тили байрами муносабати билан Самарқанд вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ходимларининг саводхонлик даражасини аниқлаш мақсадида диктант ёздирилди.
– Давлат тилини ўрганиш ва ўргатишда ўқитувчи ва ўқувчиларга аввало, ўзимиз намуна бўлишимиз зарур, – дейди Самарқанд вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи ўринбосари Хуршид Ғозиев. – Шу сабабли бошқарма ходимлари учун оммавий диктант ёзиш тадбири уюштирилди. Бу ходимларнинг давлат тили бўйича билим ва кўникмаларини, имловий саводхонлигини оширишга хизмат қилади. Қолаверса, мазкур ташаббус орқали давлат тилида иш юритиш маданиятини юксалтириш ҳамда ўзбек тилига бўлган ҳурмат ва эътиборни янада кучайтириш кўзда тутилган.
Диктант ёзиш тадбирларини туман, шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бўлимлари ходимлари ўртасида ҳам ўтказиш кўзда тутилган.
Муҳими, бундай саъй-ҳаракатлар фақат ўзбек тили байрами арафасида эмас, мунтазам ташкил этилса, айни муддао бўларди.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири