Бош прокуратура томонидан сув ва сувдан фойдаланиш билан боғлиқ қонунчилик ижроси тегишли идоралар билан биргаликда ўрганилмоқда.
Хусусан, “Бўзсув” каналининг Зангиотадан оқиб ўтувчи қисми ўрганилганда, сув ҳавзасига саноат ва маиший чиқиндилар ташлаш, санитария-муҳофаза зоналарига ўзбошимчалик билан қурилмалар қуриш каби кўплаб қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилаётгани аниқланди.
Аниқланган ҳолатларни бартараф этиш мақсадида идоралараро ишчи гуруҳи шакллантирилди. Махсус техникалар жалб қилинган ҳолда сув ҳавзасини чиқиндилардан тозалаш ва ноқонуний қурилмаларни бузиш чоралари кўрилди.
Шунингдек, Тошкент шаҳридан чиқаётган оқова сувларни тозаловчи “Бўзсув” тўйинтириш иншоотларига саноат чиқиндилари билан ифлосланган сувларни ташлаётган корхоналар хатловдан ўтказилди. Саноат оқова ташламалари таркиби лаборатория текширувидан ўтказилди.
Текшириш натижасига кўра, каналга ташланаётган оқова сувлардаги моддалар концентрацияси белгиланган меъёрлардан ошиб кетиб, табиатга зарар етказилгани аниқланди. Мазкур ҳолат юзасидан айбдор шахсларга жиноят иши қўзғатилди. Айни пайтда дастлабки тергов ҳаракатларига киришилди.
Н.Абдураимова, ЎзА