Бош прокуратура мутасаддилари томонидан экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва ўрмон хўжалиги соҳасидаги қонунчилик ижроси юзасидан прокуратура органлари томонидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.
Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги билан самарали идоралараро ҳамкорлик йўлга қўйилиб, энг аввало, жамиятда экологик маданиятни тарғиб қилиш урғу берилаётгани қайд этилди.
“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси ижроси доирасида барча ҳудудларда экология ва прокуратура идоралараро ишчи гуруҳлари ташкил этилиб, 2023 йил куз мавсумида республика бўйича 92 миллион туп кўчат ва буталар экилиши таъминланди.
Прокуратура органлари томонидан 591 гектар ер майдонида 583 минг туп манзарали ва мевали кўчатлар экилди. 414,5 гектар ер майдонида 145 та “прокурор боғ”лари ташкил этилиб, келгусида парвариш қилиниши учун масъул идораларга бириктирилди.
Дарахтлар кесилишига эълон қилинган мораторий ижросини ўрганиш бўйича ташкил этилган назорат тадбирлари давомида 4 минг 190 та ноқонуний дарахт кесиш ҳолатлари аниқланган. Айбдор шахсларнинг жавобгарлик масаласини ҳал қилиш билан бир қаторда, ҳар бир нобуд қилинган дарахт учун 100 туп кўчатни компенсация тарзида экиш мажбурияти юкланиши ва давлат ихтиёрига 8,7 миллиард сўм ундирилиши таъминланди.
Табиий муҳофаза ҳудудлари ва ўрмон фондини ҳимоялаш мақсадида Бош прокуратура ва вазирлик қўшма топшириғи асосида ижарадаги 67 минг 778 гектар ўрмон фонди ер майдонлари хатловдан ўтказилиб, 17 ноқонуний қарор бекор қилинди ҳамда ноқонуний эгалланган 1 минг 577 гектар ер майдони ўрмон фонди ҳисобига қайтарилди. Жиддий қонунбузилиши ҳолатлари юзасидан 24 жиноят иши қўзғатилди.
Бундан ташқари, сув ҳавзалари ва дарё ўзанлари муҳофазаси доирасида прокуратура, экология ҳамда сув хўжалиги объектлари хавфсизлиги ва сувдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси ходимларидан иборат идоралараро ишчи гуруҳлари тузилиб, Сирдарё, Чирчиқ, Оҳангарон, Зарафшон, Оқдарё ва Қорадарё дарёлари ўзанларида кенг қамровли назорат тадбирлари ўтказилди. Бу жараёнда 65,7 миллиард сўмлик 215 минг м3 норуда фойдали қазилмалар ноқонуний қазилгани юзасидан 45 жиноят иши қўзғатилиб, табиатга етказилган 7,1 миллиард сўм зарар ва 34,8 миллиард сўм компенсация тўловлари ундирилди.
Тадбирлар давомида дарёларнинг муҳофаза зоналарида 744 та ноқонуний чиқинди ташлаш жойлари бартараф этилиб, сув ҳавзаси минтақалари 17 минг 200 тонна чиқиндидан тозаланди.
Атмосфера ҳавоси ва сувга зарарли ташланмалар чиқарилиши ҳолатлари мунтазам таҳлил қилиниб, бунда, энг аввало, аҳолидан шикоятлар тушаётган ҳудудлардаги вазият ҳамкорликда ўрганилмоқда.
Бу йўналишдаги назорат тадбирлари давомида давлат органларига 610 тақдимнома киритилди. Судларга 5,7 миллиард сўмлик даъво аризалари киритилди. Мансабдор шахсларнинг 404 ноқонуний қарори бекор қилинди. 821 нафар шахс огоҳлантирилиб, 1 минг 878 нафар шахс интизомий ва маъмурий жавобгарликка тортилди. Қўпол қонунбузилиши ҳолатлари юзасидан 205 жиноят иши қўзғатилиб, давлат фойдасига 31,1 миллиард сўм ундирилди.
Жорий йилда ҳам прокуратура органлари томонидан тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда табиатни муҳофаза қилиш ва экологик вазиятни яхшилашга қаратилган фаолият давом эттирилади.
Н.Абдураимова, ЎзА