Болажонларга қувонч улашиб
Ҳар бир тўй болага ҳомийлар томонидан велосипед, костюм-шим ва кўйлаклар совға қилиниб, байрам дастурхони ёзилди. Бу ўз навбатида кичкинтойлар ҳамда уларнинг яқинларига унутилмас қувонч улашди.
Эҳтиёжманд, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилаларни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш халқимизга хос азалий қадриятлардан ҳисобланади.
Наманганда Ватанимиз истиқлолининг ўттиз беш йиллигига бағишлаб, "Вақф" хайрия жамоат фонди ташаббуси билан 35 нафар болага суннат хатна тўйлари ташкил этилди.

Ўзига хос хайрия тадбирида Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги вилоят бошқармаси тавсиясига асосан шаҳар ва туманлардан келган боқувчиси вафот этган болажонларнинг хатна тўйлари кўтаринки руҳда нишонланди.
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Наманган вилоятидаги вакили, вилоят бош имом-хатиби Абдуллоҳ домла Саматов улуғвор ташаббусни қўллаб-қувватлаган Ҳукуматимиз ва саховатпеша ҳомийларга миннатдорлик билдирди.

Тадбирда юртимиз тинчлик-барқарорлиги, халқимиз фаровонлиги, фарзандлар бахту иқболини сўраб, дуога қўл очилди.
– Юртимизда ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда эмаслигини эҳсон тадбирида ҳис этдик, – дейди тадбирга Уйчи туманидан таклиф қилинган Саодат Даминова. – Чунки анчадан бери фарзандимни хатна тўйини қандоқ ўтказарканман деган ўйда юрардим. Шукрким, биз каби ижтимоий муҳофазага муҳтожларни ўйлайдиган давлатимиз бор. Эътибор ва ғамхўрлик учун “Вақф” фонди ва Ижтимоий химоя миллий агентлигидан беҳад миннатдормиз.

Дарҳақиқат, бундай хайрли ишлар жамиятимизда меҳр-оқибат, саховат ва инсонпарварлик фазилатларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири