Меҳру мурувватга йўғрилган йўқловлар
Шу кунларда мамлакатимиз бўйлаб Ўзбекистон Касаба уюшмалари куни муносабати билан қатор маънавий-маърифий тадбирлар, ижтимоий лойиҳалар ва байрам учрашувлари бўлиб ўтмоқда.
Ушбу шонли сана муносабати билан Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси Наманган вилояти кенгашининг раиси Аъзамжон Султонов Поп туманидаги ногиронлиги бўлган шахслар учун мўлжалланган “Ғамхўрлик” марказида марказида бўлиб, меҳр масканидаги шарт-шароитлар, парвариш ва ижтимоий мослашув жараёнлари билан танишди.

Мазкур марказда айни фурсатда ижтимоий муҳофазага муҳтож 310 киши парваришланмоқда. Уларнинг саломатлиги ва кундалик эҳтиёжлари учун 223 нафар ходим меҳнат қилмоқда.
Муассасада яшовчиларнинг қобилиятини ривожлантириш, меҳнат кўникмаларини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилган. Ҳозирги кунда улар 25 йўналишда ҳунар ўрганиб, ўз иқтидорларини намоён этмоқда.

Эътироф этиш даркор, меҳр, эътибор ва ғамхўрлик – инсон қадрининг юксак ифодасидир. Шу маънода, учрашувда меҳру мурувватга ташна инсонларни қўллаб-қувватлаш, уларга муносиб шароит яратиш ва инсон қадрини улуғлаш борасидаги ишлар алоҳида таъкидланди.

Шунингдек, марказда фидойилик билан меҳнат қилаётган ходимларнинг машаққатли ва масъулиятли хизмати эътироф этилиб, бир гуруҳ ходимларга эсдалик совғалари топширилди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири