Болажонлар ёзни мароқли ўтказади
Андижонда “Мактабгача таълим ташкилотларида ёз даврида соғломлаштириш, соғлом овқатланиш ва техника хавфсизлиги қоидаларига риоя этиш” мавзусида вилоят семинари бўлиб ўтди.
Юртимизда ёш авлодни соғлом, билимли, маънавий баркамол камол топишини таъминлаш, айниқса, ёз мавсумида болажонларнинг вақтини мазмунли ва мароқли ўтказишга қаратилган кенг кўламли ишлар, қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда.


Андижон вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси томонидан Шаҳрихон туманидаги 21- Давлат мактабгача таълим ташкилотида ўтказилган вилоят семинари ҳам ана шу йўналишдаги ишлардан бири бўлди.
Бошқарма мутасаддилари, туман, шаҳар бўлимлари мутахассислари, вилоятдаги мактабгача таълим ташкилотлари раҳбарлари қатнашган семинар иштирокчилари дастлаб таълим ташкилотида мавзу доирасида олиб борилаётган ишлар, илғор тажрибалар билан яқиндан танишди.


Мутахассислар томонидан иштирокчиларга болалар ижодкорлигини ошириш, ёз мавсумини мароқли ўтказиши учун турли интерфаол ўйинлар, маънавий-маърифий тадбирлар ҳамда спорт мусобақалари ташкил этиш бўйича таклиф ва тавсиялар берилди.

Иштирокчилар илғор иш услублари, тажрибалари билан ўртоқлашди, мавзу доирасидаги билим ва малакаларини бойитди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (фото), ЎзА мухбирлари