Нукусда Болаларнинг дам олиши ва соғломлаштирилишини ташкил этиш департаменти томонидан Оролбўйи оромгоҳ раҳбарлари, педагог кадрлар ва етакчилар учун ўқув-семинар ташкил этилди.
Тадбирда республика комиссиясининг 2025 йил 9 апрелдаги 29-сонли баёни билан тасдиқланган “Янги Ўзбекистон оромгоҳларида болаларнинг дам олишларини тизимли ташкил этиш ва соғломлаштириш масалалари бўйича намунавий 12 кунлик дастур”ни амалиётга самарали жорий этиш масалалари муҳокама этилди.
Ўқув-семинарда Болаларнинг дам олишини ва соғломлаштирилишини ташкил этиш департаментининг биринчи ўринбосари Хуршид Умаров, департаментнинг маданий-маърифий ва спорт ишлари бўйича бўлим раҳбари Тоҳир Абдураҳмонов, Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси Қорақалпоғистон кенгаши раиси Улуғбек Жалменов ва бошқалар сўзга чиқиб, оромгоҳларни мавсумга тайёрлаш, болаларнинг дам олиши ва соғломлаштирилишини ташкил этиш юзасидан амалга оширилиши лозим бўлган вазифаларга тўхталди.
Таъкидланганидек, 2025 йил ёз мавсуми давомида Қорақалпоғистон Республикасида жами 11 та стационар туридаги болалар оромгоҳи фаолият юритиши режалаштирилган. Ушбу оромгоҳларда жами 7 минг 140 нафар боланинг дам олиши белгиланган. Шундан Болаларнинг дам олиши ва соғломлаштирилишини ташкил этиш департаменти тасарруфида бўлган Мўйноқ туманидаги “Оқ кема”, Тўрткўл туманидаги “Оқ кабутар”, Элликқалъа туманидаги “Орол болалари”, Тахиатош туманидаги “Ойдин йўл”, Нукус шаҳридаги “Турон”, ҳокимликлар тасарруфида ташкил қилинадиган Қўнғирот туманидаги “Жайҳун”, Қонликӯл туманидаги “Шунқор”, Элликқалъа туманидаги “Гулшан”, Беруний туманидаги “Роҳат”, Амударё туманидаги “Қалдирғоч” ҳамда “Амударё” масъулияти чекланган жамиятига қарашли хусусий “Орол” оромгоҳида жами 2 минг 345 нафар боланинг дам олиши назарда тутилган.
Шунингдек, шаҳар ва туманлардаги таълим муассасалари, болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари, болалар мусиқа ва санъат мактаблари, “Баркамол авлод” болалар мактаблари, “Ёшлар марказ”ларида 69 та болалар маданият ва спорт соғломлаштириш майдончаси ташкил этилиб, уларда жами 16 минг 750 нафар бола дам олади. Жами мавсум давомида 23 минг 890 нафар бола дам олиши кўзда тутилган.
Бугунги кунда ёзги мавсумда оромгоҳларда фаолият юритадиган тарбиячи ва етакчи мутахассисларни танлаб олиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда олий таълим муассасаларининг тажрибали педагог ва фаол талабаларидан сараланган номзодлар республика департаментига тақдим этилди ва уларнинг рўйхати тасдиқланди. Болаларнинг ёзги таътилини хавфсиз, мазмунли ва мароқли ўтказиш учун кенг қамровли аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. Жумладан, Департамент тасарруфидаги 5 та оромгоҳда ёз мавсумига тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Хусусан, улардаги жорий таъмирлаш ишлари бўйича пудратчи ташкилотлар ўртасида тендер савдолари жорий йилнинг 28 март куни Хоразм вилоятида Республика департаменти томонидан ташкил этилди ва ғолиб пудратчилар аниқланди. Оромгоҳдаги жорий таъмир ишлари апрель ойида бошлаб юборилди ва шу кунларда якунланиш арафасида турибди.
Жорий йилнинг 24-28 март ва 22-23 апрель кунлари Республика департаменти вакилларидан ташкил топган ишчи гуруҳ томонидан барча стационар оромгоҳларда мавсум олдидан мониторинг ишлари олиб борилиб, тайёргарлик жараёнлари ўрганилди. Мутахассислар томонидан зарур тавсия ҳамда кўрсатмалар берилди. Мазкур масалалар бўйича туман ҳокимликлари билан яқин ҳамкорликда ишлар амалга оширилмоқда.
Ҳозирги кунда департамент тасарруфидаги 5 та оромгоҳда ва Нукус шаҳридаги “Арал” оромгоҳида пудратчилар томонидан жорий таъмирлаш ишлари якунига етказилмоқда. Шу билан бирга, оромгоҳлар ҳудудида тозалаш, ободонлаштириш ва ҳудудни кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилди. Туман ҳокимликлари таъсисчилигида ижтимоий объектларда ташкил этилаётган 5 та стационар оромгоҳда ўқув йили якуни билан таъмирлаш ишлари бошланиши белгиланган.
–Амалга оширилаётган кенг қамровли ташкилий чора-тадбирлар болаларнинг ёзги таътилини хавфсиз, мазмунли ва унутилмас тарзда ўтказишга, уларнинг жисмоний-руҳий соғломлашувини таъминлашга, тарбиячи ва етакчиларни замонавий ёндашувлар асосида тайёрлаш, масъулияти ва салоҳиятини оширишга хизмат қилади. Зеро, бугунги ёш авлодни ҳар жиҳатдан тўғри тарбиялаш келажак учун қўйилган мустаҳкам пойдевордир,–дейди Болаларнинг дам олишини ва соғломлаштирилишини ташкил этиш департаменти Қорақалпоғистон бошқармасининг етакчи мутахассиси Махсет Қарлибаев.
[gallery-23363]
Ўқув-семинарда иштирокчилар учун интерактив машғулотлар, тренинглар ва амалий кўникмаларни шакллантиришга қаратилган фаол форматдаги машғулотлар ташкил этилди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат),
ЎзА мухбирлари