Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилади
Болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш тизими янги босқичга кўтарилмоқда. Олий судда ўтган давра суҳбатида янги қонун нормаларини амалиётга жорий этиш ва уларнинг самарадорлигини ошириш йўллари муҳокама қилинди.
Мамлакатимизнинг бугунги сиёсий харитаси инсон қадри деган муқаддас йўлдан тузилган. Шунинг учун ҳам яқин ўн йилликда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами, болалар ва аёлларга бўлган эътибор бутунлай янги даражага кўтарилди. Уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқ ва манфаатларини муносиб ҳимоя қилиш йўлида тинимсиз меҳнат қилинмоқда. Бунда болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган ташаббуслар ҳам алоҳида эътирофга муносиб.
Ана шундай оқилона ислоҳотларнинг узвий давоми ўлароқ, Ўзбекистон Республикаси Олий судида “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш. Янги қонун нормалари ва уларни амалиётга жорий этиш масалалари” мавзусида амалий давра суҳбати ўтказилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Ўзбекистон аёл судьялари ассоциацияси, Судьялар олий кенгаши, Болалар омбудсмани, UNICEF, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги, Адвокатлар палатаси ҳамда бошқа масъул ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш, улар учун хавфсиз муҳит яратиш, зўравонликдан жабрланган болаларни ижтимоий, психологик ва ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш, шунингдек, болаларга нисбатан содир этилган жиноятларни тергов қилиш ва судда кўриб чиқишнинг ўзига хос жиҳатлари сингари долзарб масалалар муҳокама марказида бўлди.

Хусусан, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги иштирокида болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш тизимида ижтимоий хизматларнинг аҳамияти, жабрланган болаларга комплекс ёрдам кўрсатиш ҳамда масъул идоралар ўртасидаги ҳамкорликни кучайтиришга эътибор қаратилиши лозимлиги қайд этилди.
Болалар омбудсмани эса ўз нутқида тергов ва суд жараёнларида жабрланувчи болани қайта руҳий жароҳатланишдан ҳимоя қилиш, тезкор идоралараро ҳамкорликни таъминлаш, болага психологик ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш ҳамда процессуал ҳаракатларни болага дўстона ёндашув асосида ташкил этиш бўйича ягона стандарт протоколни жорий этиш зарурлигини таъкидлади.
Давра суҳбати якунида болаларни ҳимоя қилишга оид янги қонун нормаларини амалиётга татбиқ этиш, судьяларнинг касбий компетенциясини ошириш, идоралараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда боланинг энг устун манфаатларини таъминлаш юзасидан ҳамкорликдаги ишларни мунтазам давом эттириш муҳим экани эътироф этилди.
Шербек Исломов,
ЎзА