Бола ҳуқуқларини ҳимоялаш механизмлари янада кучайтирилмоқда
Ҳар бир бола хавфсиз муҳитда яшаш, ривожланиш ҳамда ўз салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш ҳуқуқига эга. Мамлакатимизда болаларни зўравонлик иллатидан ҳимоялашга қаратилган ислоҳотларнинг бугунги кўлами қандай? Шу ҳақда Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани), юридик фанлар доктори, профессор Сурайё Раҳмонованинг фикрларига қизиқдик.
– Болага нисбатан зўравонлик жамият тараққиётига жиддий таҳдид солувчи ижтимоий ҳодиса ҳисобланади, – дея фикрини бошлади Сурайё Раҳмонова. – Шу боис, Ўзбекистонда болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида эътироф этилган.
Жумладан, давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 26 декабрда Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида “Жамиятимизда болаларнинг турли зўравонликларга учраётгани буюк тарих, юксак маънавият ва маърифатга эга бўлган, оилани муқаддас деб билган халқимизга асло ярашмайди”, дея алоҳида таъкидланди.
Биргина 2025 йилда зўравонликка нисбатан қатъий муросасизликка таянган қатор қонунчилик ҳужжатлари қабул қилинди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси болаларни зўравонликдан ҳимоя қилишга қаратилган глобал ташаббус – “Богота ҳаракатлар чақируви”га қўшилди ҳамда Болаларга нисбатан зўравонликка чек қўйиш бўйича глобал альянс аъзолигига қабул қилинди.
2025 йил 14 майда Ўзбекистон Республикасининг “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуни кучга кириб, мазкур ҳуқуқий ҳужжат асосида болаларни зўравонликдан ҳимоя қилишнинг мутлақо янги тизими йўлга қўйилди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 24 декабрдаги фармони билан 2026-2030 йилларга мўлжалланган Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш стратегияси қабул қилинди.
Музкур изчил ислоҳотлар жараёнининг мантиқий давоми сифатида 2026 йил 3 мартда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Аёллар ва болалар ҳуқуқларининг ҳимоясини кучайтириш ҳамда уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш бўйича қўшимча ташкилий-ҳуқуқий чоралар тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
– Шу ўринда савол туғилади: ушбу тарихий ҳужжат қабул қилинишининг ижтимоий-ҳуқуқий зарурати нима билан изоҳланади?
– Айтиш керакки, 2025 йил 15 декабрда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва бошқа мутасадди идоралар раҳбарлари иштирокида раҳбарият томонидан танқидий йиғилиш ўтказилиб, унда аёллар ва болаларнинг ҳуқуқларини таъминлашга салбий таъсир кўрсатиб келаётган муаммоларни таҳлил қилиб, ечимини бериш бўйича масъуллар белгиланди. Шунингдек, бу борада фаолиятни самарали ташкил этиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузурида мувофиқлаштирувчи идоралараро кенгаш ташкил этилди. Кенгашга қисқа муддатда аёллар ва болалар ҳуқуқларини янада ишончли таъминлаш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш топширилди.
Айнан Кенгаш фаолияти доирасида олиб борилган таҳлиллар асосида тайёрланган тақдимотда давлатимиз раҳбари томонидан бу борада ишлаб чиқилган таклифлар билан танишилиб, улар маъқуланди ва тегишли фармон имзоланди. Шу тариқа ушбу муҳим ҳужжат билан болалар ва аёллар ҳуқуқларини ҳимоялашнинг мазмунан мутлақо янги механизми йўлга қўйилмоқда.
Фармонда нафақат аёллар ва болаларга нисбатан содир этиладиган турли тазйиқ ҳамда зўравонликларга қарши қатъий ҳуқуқий ечимлар, балки уларнинг олдини олиш бўйича профилактик-превентив самарали чоралар ҳам кўзда тутилган.
Бу борада ҳужжатда акс этган болалар ҳимоясини жиддий кучайтиришга оид масалаларга алоҳида эътибор қаратиш жоиз.
Жумладан, эрта турмуш қуриш, вояга етмаган шахс билан никоҳ ҳолатларининг олдини олиш мақсадида эндиликда эрта никоҳ ва 16 ёшгача бўлган ҳомиладорлик ҳолатлари ҳақида ички ишлар органлари ҳамда “Инсон” марказларига хабар бериш, бундай вояга етмаганларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича тезкор идоралараро занжир яратилади. Алоҳида ҳолларда никоҳ ёшини камайтиришни кўзда тутувчи асослар қонунчиликда аниқ ва қатъий белгиланади. Уларни асоссиз кенгайтириш, мавҳумлаштиришга йўл қўйилмайди.
Шу билан бирга, вояга етмаганлар билан никоҳ тузишга даъват ва уни тарғиб қилган (қизиқтирган) шахслар учун маъмурий жавобгарлик белгиланади. Яна бир жиҳат – рағбат сифатида никоҳ ёшига оид қонунчиликни бузиш ҳолати ҳақида хабар берган шахсларга жариманинг 15 фоизи берилади.
– Тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларига қарши курашиш юзасидан ҳам ечимлар назарда тутилганми?
– Энг муҳим қадам – 14 ёшгача бўлган болаларга нисбатан оғир жинсий зўравонлик жиноятларини содир этганлик учун умрбод озодликдан маҳрум қилишгача бўлган жиноий жазони белгилаш кўзда тутилмоқда. Вояга етмаган болаларга нисбатан оғир жинсий жиноятлар содир этган маҳкумларни манзил-колонияларига ўтказмаслик қатъий қоидаси белгиланмоқда.
Шунингдек, вояга етмаган шахсга нисбатан содир этилган шаҳвоний шилқимлик бўйича маъмурий ҳуқуқбузарликка оид иш ҳужжатларини қилмишда жиноят аломатлари мавжуд эмаслиги ҳақида прокурор томонидан қарор қабул қилинганидан сўнг судга юбориш тартиби кўзда тутилмоқда.
Яна бир жиҳат – аёллар ва болаларга нисбатан зўравонлик жиноятларини (ЖКнинг 118, 119, 121, 128, 128-1, 129-моддаларидаги жинсий жиноятлар) тергов қилиш ваколати ички ишлар органларидан прокуратурага ўтказилмоқда. Бу янги тартиб терговнинг сифати ошиши ва жабрланувчиларнинг ишончли ҳимоясига хизмат қилади.
Шу билан бирга, илғор халқаро амалиётлар асосида аёллар ва болаларга нисбатан тазйиқ, зўравонлик билан боғлиқ жиноятларни тергов қилиш, кўриб чиқиш учун ихтисослаштирилган ва махсус тайёргарликдан ўтган терговчилар, судьялар фаолияти йўлга қўйилмоқда.
Интернет, ижтимоий тармоқларда содир этиладиган зўравонлик (киберзўравонлик), вояга етмаган шахслардан жинсий фойдланиш ҳамда шу мақсадда интернет орқали вояга етмаган шахснинг ишончини қозониш (онлайн груминг) учун ҳам қонунчиликда жавобгарлик белгиланмоқда.
Алоҳида таъкидлаш муҳимки, илғор хорижий давлатларда амалда бўлган мазкур янги турдаги жиноятлар криминализацияси халқаро ҳамжамият олқишлайдиган ниҳоятда дадил миллий қадам ҳисобланади.
Умуман олганда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ушбу тарихий фармони билан бола ҳуқуқлари ҳимояси даражаси мазмунан янги босқичга кўтарилиб, уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш тизими тубдан такомиллаштирилади.
Бунинг натижасида жабрланувчи – болалар ҳимояси кучаяди, тергов ва суд жараёнлари сифати ошади, зўравонлик қурбонларига тез ва самарали ёрдам кўрсатилади, ҳуқуқбузарликлар латентлиги камайиши баробарида жазо муқаррарлиги таъминланади.
Энг муҳими эса фармон давлатимизда болалар ва аёллар ҳуқуқларини халқаро стандартлар даражасида кафолатлаш ҳамда жамиятда зўравонликка қарши муросасизлик муҳитини шакллантиришда муҳим тарихий даврга асос солади.
ЎзА мухбири
Абдулазиз РУСТАМОВ суҳбатлашди.