Олий Мажлис Қонунчилик палатасига “Болаларни зўравонликларнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан киритилди. Бу ҳақда парламент қуйи палатасининг ахборот хизмати ЎзАга маълум қилди.
Қонун лойиҳасида болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, болаларни зўравонликдан ҳимоя қилишга масъул давлат органлари ва ташкилотлар, шунингдек, уларнинг ваколатлари белгиланмоқда.
Бундан ташқари, болаларни зўравонликдан ҳимоя қилишда ота-оналарнинг (ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларнинг) иштироки, уларнинг мажбуриятлари, таълим ташкилотларида болаларга нисбатан зўравонликка йўл қўйилмаслик назарда тутилмоқда. Шунингдек, болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш бўйича уларга ҳимоя ордери бериш тизими жорий қилинмоқда.
Мазкур лойиҳани ишлаб чиқишда Германия, Франция, Дания, Сингапур, Венгрия, Болгария, Албания, Грузия каби давлатларнинг тажрибаси ўрганилган.
Қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси томонидан дастлабки тарзда кўриб чиқилмоқда.
М.Комилова, ЎзА