Ҳамкорликнинг янги йўналишлари муҳокама қилинди
Сирдарё вилояти ҳокимлигида вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Дониёр Қодировнинг БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори Сабине Маҳл бошчилигидаги делегация билан учрашуви бўлиб ўтди.
Учрашувда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти билан ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий салоҳиятидан самарали фойдаланиш, шунингдек, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги, экология, аҳоли бандлиги ва ижтимоий ҳимоя соҳаларида қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Унда БМТ Тараққиёт дастури (UNDP), Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (WHO), Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO), Халқаро меҳнат ташкилоти (ILO), UNICEF, UNAIDS ҳамда БМТнинг Марказий Осиё учун превентив дипломатия минтақавий маркази вакиллари ҳам иштирок этишди.
Мулоқот давомида Ўзбекистон ва БМТ ўртасидаги ҳамкорликни ҳудудий даражада ривожлантириш, Сирдарё вилоятининг ижтимоий-иқтисодий салоҳиятидан самарали фойдаланиш ҳамда халқаро ташкилотлар билан биргаликда истиқболли лойиҳаларни ишлаб чиқиш масалалари кўриб чиқилди.

Хусусан, барқарор ривожланиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги, аҳоли бандлигини таъминлаш, меҳнат муносабатларини такомиллаштириш, болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва ижтимоий ҳимоя соҳаларидаги ҳамкорлик истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди.

Вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Дониёр Қодиров ҳудуднинг иқтисодий ва ижтимоий имкониятларини инобатга олган ҳолда халқаро ташкилотлар билан амалий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, илғор хорижий тажрибани жорий этиш ва аҳоли эҳтиёжларига йўналтирилган лойиҳаларни амалга ошириш муҳимлигини таъкидлади. Шунингдек, муҳокама қилинган йўналишлар бўйича ҳамкорликни тизимли ташкил этиш, истиқболли ташаббусларни ишлаб чиқиш ва уларни амалга ошириш имкониятларини ўрганиш юзасидан фикр алмашилди.

Учрашув якунида белгиланган устувор йўналишлар бўйича ҳамкорликни давом эттириш, ўзаро мулоқотни мустаҳкамлаш ва истиқболли ташаббусларни амалий лойиҳаларга айлантириш масалаларига келишиб олинди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири