Бокуда Туркий дунё бастакорлари конгресси ўтказилади
Жорий йилнинг 18–20 сентябрь кунлари Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида Узейир Ҳожибейли халқаро мусиқа фестивали доирасида XVIII Туркий дунё бастакорларининг биринчи конгресси бўлиб ўтади.
Анжуман Туркий маданият ва мерос жамғармаси, ICESCOнинг минтақавий ваколатхонаси, Озарбайжон Республикаси Маданият вазирлиги, Озарбайжон Композиторлар уюшмаси ҳамда Озарбайжон Миллий консерваторияси билан ҳамкорликда ташкил этилмоқда.
Тадбир Биринчи Боку туркология қурилтойининг 100 йиллиги, атоқли озарбайжон шоири ва мутафаккири Низомий Ганжавий таваллудининг 885 йиллиги ҳамда ғазал мулкининг султони ҳазрат Алишер Навоий таваллудининг 585 йиллигига бағишланади.
Ушбу нуфузли йиғинда Ўзбекистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғиз Республикаси, Туркия, Туркманистон ва Венгрия мусиқа жамоатчилигининг таниқли вакиллари иштирок этади.
Таъкидланишича, уч кунлик дастур институционал, илмий ва ижодий тадбирларни қамраб олади. Конгресс доирасида ялпи ва таъсис мажлислар, давра суҳбатлари, кўргазмалар, шунингдек, симфоник ва анъанавий мусиқа концертлари ташкил этилиши режалаштирилган.
Конференциянинг асосий воқеаси Туркий бастакорлар иттифоқи (Turkic Union of Composers – TUC) нинг ташкил этилиши бўлади. Янги халқаро профессионал тузилма туркий мамлакатларнинг етакчи композиторлари, мусиқашунослари, ижрочилари ҳамда мусиқа ташкилотлари вакилларини бирлаштиришни мақсад қилган.
19 сентябрь куни Туркий маданият ва мерос жамғармаси биносида Туркий бастакорлар иттифоқининг таъсис йиғилиши ўтказилади. Унда ташкилотни тузиш тўғрисидаги Боку декларациясини имзолаш ҳамда янги халқаро профессионал платформа низоми лойиҳасини муҳокама қилиш кўзда тутилган.
Қайд этиш керакки, янги иттифоқнинг ташкил этилиши туркий дунё мусиқа жамоатчилиги ўртасидаги профессионал алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Унинг фаолиятида муштарак мусиқий меросни асраб-авайлаш ва ривожлантириш, замонавий композиторлик мактабларини қўллаб-қувватлаш, ижодий алмашинувни кенгайтириш ҳамда туркий халқлар мусиқа санъатини халқаро майдонда кенг тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратилади.
Шунингдек, форум якунида матбуот анжумани ўтказилиши ҳам белгиланган. Унда Туркий дунё бастакорлари конгресси якунлари, Туркий композиторлар иттифоқининг ташкил этилиши, Боку декларациясининг имзоланиши ҳамда янги профессионал бирлашманинг келгуси фаолият истиқболлари ҳақида маълумот берилади.
Мазкур конгресс туркий халқларнинг бой ва муштарак мусиқий меросини замонавий ижод жараёнлари билан уйғунлаштириш, композиторлар ва мусиқашунослар ўртасида янги ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш ҳамда туркий дунё мусиқа санъатининг халқаро нуфузини оширишга қаратилган янги мулоқот майдони бўлиши кутилмоқда.
Ў.Алимов, ЎзА