Бокуда Туркий дунё бастакорлари иттифоқи тузилди
Боку шаҳрида Туркий дунё бастакорларининг I-қурултойи доирасида тарихий аҳамиятга молик қарор қабул қилинди. Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия, Ўзбекистон, Туркманистон ва Венгриянинг етакчи маданият ташкилотлари вакиллари Туркий дунё бастакорлари иттифоқи (TUC)ни таъсис этди.
Таъкидланишича, мазкур қарор Боку декларацияси имзоланиши билан расмийлаштирилиб, ҳужжат туркий мамлакатлар композиторлари, мусиқашунослари, ижрочилари, консерватория ва мусиқа академиялари, шунингдек, ижодий уюшмалар ўртасида тизимли ва узоқ муддатли профессионал ҳамкорликни йўлга қўйиш учун асос бўлиб хизмат қилади.
Туркий дунё бастакорлари иттифоқининг ташкил этилиши қурултойнинг энг муҳим натижаларидан бири бўлди. Шу тариқа туркий давлатлар композиторлари ўртасидаги ҳамкорлик илк бор ягона институционал асос ва узоқ муддатли халқаро платформага эга бўлди.
Янги тузилма муштарак маданий меросни замонавий ижод билан уйғунлаштириш, янги мусиқий асарлар яратиш, профессионал алоқаларни кенгайтириш ҳамда туркий халқлар мусиқасини жаҳон саҳналарида кенг тарғиб этишга хизмат қилиши кўзда тутилган.

– Биз профессионал ҳамкорлик ва халқаро маданий мулоқот учун илҳом манбаига айланадиган жонли мусиқий макон яратишни мақсад қилганмиз, -деди Туркий маданият ва мерос жамғармаси раҳбари, профессор Ақтўти Райимқулова. – Мазкур биринчи қурултой ва Туркий дунё бастакорлари иттифоқининг ташкил этилиши туркий дунё мусиқий дипломатияси тарихида янги саҳифа очади.
Эслатиб ўтамиз, Туркий дунё бастакорларининг I-қурултойи Боку шаҳрида XVIII-Узейир Ҳожибейли халқаро мусиқа фестивали доирасида ўтказилмоқда.
Ў.Алимов, ЎзА