Хабарингиз бор, бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари Россия, Қозоғистон ва Венгрияда ўтаётган нуфузли мусобақаларда иштирок этмоқда.
Жумладан, Россияда ўтаётган халқаро турнирда терма жамоа аъзоларидан Шаҳзод Музаффаров, Дилшод Абдумуродов, Руслан Абдуллаев ва Жасурбек Йўлдошев ўз вазн тоифаларида дастлабки жангларини ғалаба билан якунлади.
Қозоғистонда давом этаётган «Элорда кубоги»нинг навбатдаги кунида 9 нафар боксчимиз рингга кўтарилди ва улардан 5 нафари ғалаба қозонди. Аниқроғи, Атҳамжон Муҳиддинов, Раҳматулло Бойматов, Хуморабону Маъмажонова, Мавлуда Мовлонова, Моҳира Абдуллаева навбатдаги босқичга йўл олган бўлса, афсуски, Асадбек Ражабов, Нусратбек Тоҳиров, Мухлиса Хушвақтова ва Шаҳина Неъматова ўз вазнларида мағлуб бўлди.
Венгрияда ёшлар ўртасидаги халқаро мусобақада вазни 51 килограммгача бўлган ҳамюртимиз Абдураҳмон Маҳмуджонов мезбон боксчиси Ноел Нагини таслим қилган бўлса, 60 килограммгача бўлган боксчилар ўртасида Абдулазиз Жўрақулов шотландиялик Флайн Луани йирик ҳисобда енгди. Шунингдек, ўз вазнларида Элбек Бахтиёров, Акбар Аҳмадов, Руслан Эсонов ва Раҳмонжон Қодиров каби чарм қўлқоп усталаримиз ғолиб бўлди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА