Боғча ҳамшираларининг иш ҳақи ундирилди
Қорақалпоғистон Республикаси Фуқаролик ишлари бўйича Нукус туманлараро судининг жорий йил 31 март кунги қарорига асосан, қарздор Тахиатош тумани Мактабгача ва мактаб таълими бўлимидан олтита болалар боғчаси ҳамширасининг фойдасига 24,1 миллион сўм ундириш белгиланган.
Шунга қарамасдан, жавобгар томонидан ушбу суд қарори ижроси таъминланмаган ва ишчиларнинг иш ҳақлари тўлаб берилмаган. Ҳамширалар суд қарорига асосан чиқарилган ижро варақаларнинг ижросини таъминлаб беришни сўраб, Мажбурий ижро бюроси Тахиатош туман бўлимига мурожаат қилдилар.
Бўлим ходимлари томонидан жавобгар ташкилот раҳбарларига суд қарорлари ижроси таъминламаслик қўшимча ижро йиғими ва маъмурий жарима қўллашга асос бўлиши тушунтирилди. Шунингдек, бўлим давлат ижрочиси томонидан қарздорларнинг асосий банк ҳисоб рақамлари хатловга олиниб, уларга тегишли бўлган мол-мулкларга банд солинди.
Шунинг натижасида, 6 нафар ҳамширанинг жами 24 миллион сўмдан ортиқ иш ҳақи ундириб берилди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири