Бобурийлар сулоласи мўғуллар империяси сифатида талқин қилинишига чек қўйилди (+видео)
Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг илмий-ижодий мероси ҳар бир давр авлодлари учун бой маънавий озуқадир. Шу боис ҳам бу мерос ҳеч бир даврда ўз аҳамиятини йўқотмайди. Бобур меросининг очилмаган, ўрганилмаган қирраларини тадқиқ этиш борасида олимлар олдида улкан вазифалар бор.
Алишер Навоий номидаги Адабиёт музейи директори ўринбосари, филология фанлари номзоди, доцент Отабек Жўрабоев Бобур ҳаёти ва фаолияти ҳамда серқирра ижодига оид тадқиқотлар ҳақида сўзлаб берди:
– Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ҳаёти ва ижодий мероси яқин 200 йиллардан бери дунё олимларининг диққат марказида бўлиб келмоқда. Қайси жиҳатдан қаралса ҳам янгилик яратишга, илмий кашфиётлар қилишга арзигулик тадқиқотлар юзага келяпти.
Хусусан, сўнгги йилларда Бобур асарларининг дунё фондларидаги қўлёзмаларини бир каталогга йиғиш муҳим йўналишлардан бири бўлиб турибди. Иккинчидан эса Бобур асарларининг хорижий тиллардаги таржималари муқояси, яъни қай тилда қандай чиққанини ўрганиш муҳим масалалардандир. Бу борада ўзбек олимлари Бобур асарларининг инглиз тилидаги таржималари бўйича яхши тадқиқотларни амалга оширди. Сўнгги тадқиқотлардан бири Бобур асарларидаги фразеологизмлар инглиз тилига таржима қилинганда Бобур тилини ифода эта олганми-йўқми, деган масалада ўрганишлар олиб борилди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/oGIMS2J0Q2s" title="Boburiylar sulolasi moʻgʻullar imperiyasi sifatida talqin qilinishiga chek qoʻyildi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>Яна муҳим масалалардан бири Бобур асарларини, унинг мероси бўйича илмий ишларни битта платформага йиғишдир. Бугунгача дунё миқёсида 10 мингдан ортиқ илмий тадқиқотлар амалга оширилган. Уларни классификация қилиш, таснифини бериш, даражаларини белгилаш вазифалари турибди.
Алоҳида эътироф этиш керакки, ўзбек олимларининг саъй-ҳаракатлари, илмий тадқиқотлари натижасида Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳақиқий ўзбек халқининг аждоди эканлиги исботланди. Дунё олимлари ҳам буни эътироф этишяпти. Маълумки, узоқ йиллар мобайнида Бобурийлар империяси Буюк мўғуллар империяси тарзида ифода этиларди. Олимларимиз изланишлари ва ҳаракатлари натижаси ўлароқ фандаги бу янглишлик, хато ифода тўғри томонга ўзгарди. Яқин 10-12 йиллардан бери ҳинд олимлари ҳам Бобурийлар сулоласи деб эътироф этяпти.
Бугунги кунда Бобур асарларига оид луғатлар яратиш устида ҳам ишланмоқда. Умуман, Бобур ижодий мероси бўйича илмий тадқиқотлар кенг кўламда ва ҳар томонлама амалга оширилмоқда.
Муҳтарама Комилова, Анвар Аҳмедов (видео), ЎзА