БМТнинг минтақамиздаги экологик муаммоларни ҳал этишга қўшган ҳиссаси
Марказий Осиёдаги экологик муаммолар аллақачон миллий чегаралардан ташқарига чиқди. Орол денгизининг қуриши, сув ресурслари танқислиги, музликларнинг эриши, чўлланиш ва ҳавонинг ифлосланиши иқтисодиёт, инсонлар саломатлиги ва минтақанинг барқарор ривожланишига бевосита таъсир кўрсатади. Иқлим ўзгариши шароитида бу муаммолар тобора жиддийлашгани минтақа давлатлари ўз кучларини бирлаштириш вақти келганини англатади. Бунда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти халқаро ҳамкорлик, инвестицияларни жалб қилиш ва экологик ечимларни жорий қилишда муҳим платформа бўлиб хизмат қилади.
Минтақадаги иқлим ўзгаришлари кўламини БМТнинг атроф-муҳит бўйича дастури (ЮНЕП) маълумотлари кўрсатади. 2025 йил ноябрь ойида нашр этилган Ўзбекистоннинг экологик атласида келтирилган маълумотларга кўра, мамлакатда ўртача йиллик ҳаво ҳарорати сўнгги олтмиш йилда 1,6 даража Цельсийга кўтарилган. Оролбўйида бу ўсиш кўрсатгичи 1,8 дан 2,5 даражагачани ташкил этган. Ўзбекистонда 2019 йилдан 2024 йилгача олти қурғоқчил йил қайд этилган. Бу жараёнлар сув ресурслари, қишлоқ хўжалиги ва табиат экотизимларига таъсирни кучайтиради.
Тоғли туманларда ҳам худди шундай ташвишли ҳолат юзага келмоқда. ЮНЕП маълумотларига кўра, Тожикистонда тахминан 14 мингта музликдан мингдан ортиғи бутунлай йўқолиб кетган. Музликлар дарё оқимини шакллантиришда муҳим роль ўйнайди. Минтақа мамлакатларининг сув таъминоти, деҳқончилиги ва энергетика тармоқлари эса, айнан шу оқимга боғлиқдир. Уларнинг қисқариши мавсумий сув танқислиги ва табиий офатлар хавфини оширади.
Орол денгизи ўтмишдаги инсон хўжалик фаолиятининг экологик оқибатлари бўйича энг яққол мисоллардан бири бўлиб қолмоқда. Суғориш мақсадида Амударё ва Сирдарёдан катта миқдорда сув олиниши сув ҳавзаси ҳажмининг кескин қисқаришига, экотизимларнинг барбод бўлишига ва янги Оролқум чўлининг пайдо бўлишига олиб келди. БМТ Тараққиёт дастурининг маълумотларига кўра, қуриб қолган денгиз тубининг майдони тахминан 5 миллион гектарни ташкил этади, шундан 2,9 миллион гектар майдон Ўзбекистон ҳудудида жойлашган. Бу ҳудуддан кўтарилган туз ва чанг зарралари узоқ масофаларга тарқалиб, ҳаво сифатини ҳамда қишлоқ хўжалиги ерларининг ҳолатини ёмонлаштирмоқда.
Бу шароитда БМТ нафақат атроф-муҳитни тиклаш, балки шунингдек, Оролбўйи аҳолисининг турмуш даражасини яхшилашга қаратилган кенг кўламлои ташаббусларни қўллаб-қувватламоқда. 2018 йилда Ўзбекистонда БМТ нинг Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича Кўп томонлама мақсадли фонди ташкил этилди. Унинг фаолияти ташкилотнинг турли тузилмалари саъй-ҳаракатларини бирлаштириб, тоза ичимлик суви ва тиббий хизматлардан фойдаланишдан тортиб, маҳаллий ҳамжамиятлар барқарорлигини ошириш ва ерларни тиклашгача бўлган муаммоларни ҳал қилишга қаратилган.
Бу ишнинг муҳим йўналиши – қуриб қолган денгиз тубини илмий тадқиқ этиш ва табиий ресурсларни бошқаришнинг барқарор усулларини жорий қилишдан иборат. 2023 йилда БМТ Тараққиёт дастури кўмагида Оролбўйида денгиз туби ҳолати Амударё дельтасини ўрганиш мақсадида экспедициялар ўтказилди. Олинган маълумотлар экологик мониторингни такомиллаштириш ва деградацияга учраган ҳудудларни тиклаш бўйича энг самарали чора-тадбирларни белгилашга ёрдам беради. Бундай лойиҳалар экологик фалокат оқибатларига қарши курашиш илмий тадқиқотлар, замонавий технологиялар ва маҳалллий аҳолининг иштирокини ўз ичига олган уйғунликни талаб этишини кўрсатмоқда.
Сув ресурслари соҳасида халқаро ҳамкорлик қилиш ҳам Марказий Осиё учун алоҳида аҳамиятга эга. Амударё ва Сирдарё минтақадаги давлатлар манфаатларини ўзаро боғлаб туради, шу боис доимий мулоқот олиб бормасдан туриб, уларнинг сув ресурсларини самарали бошқариши имконсиздир. БМТ трансчегаравий ҳамкорликни ривожлантириш, илмий маълумотлар билан алмашиш ва сув ресурсларини комплекс бошқариш механизмларини такомиллаштиришга кўмаклашади. БМТ нинг Европа иқтисодий комиссияси ва низоларнинг олдини олиш, умумий сув ресурсларидан оқилона фойдаланишга қаратилган халқаро келишувлар ҳам муҳим роль ўйнайди. Иқлим ўзгариши билан боғлиқ табиий офатларнинг олдини олиш ҳам устувор вазифалардан биридир.
2021 йил апрель ойида ЮНЕСКО Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистонда музлик кўлларининг ёрилиш хавфини камайтиришга қаратилган GLOFCA минтақавий лойиҳасини ишга туширди. Мазкур ташаббус огоҳлантириш тизимларини такомиллаштириш, хавф остида бўлган ҳудудларни мониторинг қилиш ва маҳаллий ҳамжамиятларнинг фавқулодда вазиятларга тайёргарлигини оширишни кўзда тутади. Бу каби чора-тадбирлар нафақат юзага келиши мумкин бўлган иқтисодий зарарни камайтириш, балки инсонлар ҳаётини сақлаб қолиш имконини беради.
БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 2023 йил 19 декабрда “Марказий Осиё экологик муаммолар қаршисида: барқарор ривожланиш ва фаровонлик йўлида минтақавий бирдамликни мустаҳкамлаш” резолюциясининг қабул қилиниши минтақавий экологик ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим қадамлардан бўлди. Ҳужжатда экологик муаммоларни ҳал қилиш учун давлатларнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари, молиявий ресурсларнинг сафарбар этилиши ҳамда халқаро ёрдамни кенгайтириш зарурлиги таъкидланади. Унинг аҳамияти сув хавфсизлиги, экотизимларни сақлаш ва иқлим ўзгаришига мослашиш масалалари бутун минтақанинг умумий вазифалари сифатида қаралиши билан белгиланади.
2026 йилнинг 22–24 апрель кунлари Остонада бўлиб ўтган Минтақавий экологик саммит ҳамкорликнинг янги босқичини бошлаб берди. Унда иқлим ўзгариши, биохилма-хилликни сақлаш, сув ресурсларини бошқариш, ҳавонинг ифлосланишини қисқартириш ва айланма иқтисодиётни ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Келгусида БМТ Европа иқтисодий комиссияси мувофиқлаштируви остида Марказий Осиё бўйича минтақавий экологик самарадорлик шарҳини тайёрлаш кўзда тутилган. Бу мамлакатларга экологик кўрсатгичларни таққослашга, умумий устувор вазифаларни белгилаш ва миллий стратегияларни такомиллаштиришга кўмаклашишга қаратилган.
БМТ билан ҳамкорлик қилиш Ўзбекистон учун алоҳида аҳамиятга эга. Мамлакатимиз Орол денгизи қуриши оқибатларидан ташқари, ҳаво ҳароратининг кўтарилиши, қурғоқчилик, ҳавонинг ифлосланиши ва сувдан янада оқилона фойдаланиш зарурати билан юзлашмоқда. БМТ Европа иқтисодий комиссияси экологик шарҳида келтирилган маълумотларга кўра, Ўзбекистонда 2018–2024 йилларда атмосферага чиқариладиган ифлослантирувчи моддаларнинг умумий миқдори 25 фоизга камайган.Шу билан бирга, чиқиндиларни бошқариш бўйича ҳам муаммолар мавжуд: 2024 йилда маиший қаттиқ чиқиндиларнинг атиги 5,2 фоизи қайта ишланган. Бу кўрсатгичлар эришилган ютуқлар билан бирга, кейинги ишлар зарурлигини ҳам кўрсатади.
Умуман олганда, БМТ нинг Марказий Осиёдаги экологик муаммоларни ҳал этишга қўшган ҳиссаси муайян лойиҳаларни амалга ошириш билангина чекланмайди. Ташкилот давлатларга умумий ёндашувларни ишлаб чиқиш, халқаро молияларни жалб қилиш, замонавий технологияларни жорий қили ҳамда илмий ҳамкорликни мустатаҳкамлашга ҳам кўмаклашади. Бироқ фақат халқаро ёрдамнинг ўзи ўнлаб йиллар давомида табиий ресурслардан нотуғри фойдаланилганлик оқибатларини бартараф эта олмайди. Ишнинг самараси миллий экологик сиёсатнинг изчиллиги, мамлакатларнинг келишилган саъй-ҳаракатлари ва узоқ муддатли ечимларга сармоя киритишга тайёрлигига боғлиқ.
Бугунги кунда Марказий Осиё олдида экологик инқирозларга жавоб қайтаришдан уларнинг олдини олишга ўтиш вазифаси турипти. Бунинг учун ирригация тизимларини модернизация қилиш, деградацияга учрагаан ерларни тиклаш, қайта тикланувчи энергияни ривожлантириш, чиқиндиларни қайта ишлаш самарадорлигини ошириш ва ишончли мониторинг тизимларини яратиш зарур. Алалхусус, экологик ҳамкорликнинг муваффақияти қабул қилинган ҳужжатлар ва ўтказилган анжуманлар сони билан эмас, балки қанчалик ҳаво ва сув сифатининг яхшилангани, табиий ресурсларнинг сақлаб қолингани ҳамда миллионлаб инсонлар ҳаёти яхшилангани билан белгиланади. Марказий Осиё барқарор келажаги йўлида БМТ фаолиятининг амалий аҳамияти айнан шунда намоён бўлади.
Азиза Алимова, ЎзА