Орол ҳам ошёнимиз
Бир пайтлар дунё сиёсатидаги муносабатларда ўзига хос тартиб, таомил кучли эди. Аниқроғи, барча мамлакатлар мавжуд қоидаларга амал қилиб, ҳар қандай ижтимоий-сиёсий муаммони музокара ёрдамида ҳал қилишарди. Афсуски, ХХI асрнинг иккинчи 10 йиллигига келиб, вазият тубдан ўзгарди. Давлат раҳбарлари ўртасидаги ўзаро ҳурмат, эътибор баъзан кескин сиёсий баҳсга айланмоқда. Бошқача айтганда, уйнинг гапи кўчага тўғри келмай қолди. Айни ҳолат кўплаб муаммолар қатори дунёдаги экология, иқлим ўзгариши билан боғлиқ масалаларга ҳам тегишли.
Технология шиддат билан ривожланиши ахборотни алмашиш ва узатишни қанчалик осонлаштирган бўлса, истеъмол талабини ҳам шунчалик мураккаблаштирди. Янгиликлар тезлиги одамни баъзан саросимага тушириб қўймоқда. Она табиатимизда рўй бераётган ҳодисалар бунга яққол мисол. Хусусан, Марказий Осиёдаги сув муаммоси, чанг-тўзон, аномал иссиқ қишлоқ хўжалигига жиддий таъсир кўрсатиб, минтақамизнинг улкан муаммосига айланмоқда.
Ўзбекистон бу борада давр билан ҳамқадам, қатъий, ўзига хос сиёсат олиб борар экан, давлатимизнинг халқаро майдондаги нуфузи ҳам ўсмоқда. Мисол тариқасида юртимизда бўлиб ўтаётган халқаро тадбирларни келтириш ўринли. Ва айни пайт давлатимиз раҳбарининг узоқ-яқин қитъалардаги минбарлардан туриб, айниқса, экология соҳасида билдираётган аниқ таклифлари муҳим аҳамиятга эга.
Масалан, ўтган ой сўнгида Қозоғистон пойтахти Остона шаҳри мезбонлик қилган Минтақавий экологик саммит – “RES-2026” анжуманида давлатлар раҳбарлари, халқаро ташкилотлар, молиявий институтлар ва экспертлар ҳамжамияти тўпланиб, Марказий Осиёда экология ва иқлим ўзгариши буйича аниқ мақсад ва вазифаларни белгилаб олишди.
Экология билан боғлиқ долзарб муаммолари билан бутун дунё эътиборида турган минтақамиз ўтган аср иккинчи ярмидан бошлаб, ҳануз Орол фожиаси, иқлим инқирози, сув етишмовчилиги, ер деградацияси, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси қирилиши каби масалаларга ечим изламоқда.
БМТ кўмагида уюштирилган Остона саммити сув ресурслари, энергетика, иқлим ўзгариши ҳамда барқарор ривожланиш масалаларини мувофиқлаштиришга қаратилди.
Кучайиб бораётган таҳдид – музликлар эриши, биология хилма-хиллиги йўқолиши каби муаммоларга биргаликда ечим излаш ҳам диққат марказида бўлди. Айнан шундай изчил ҳамкорлик минтақа давлатлари иқтисодиётини юксалтириб, хавфсизликни таъминлаши мумкин.
Ўзбекистон етакчиси саммитнинг очилиш маросимидаги нутқида асосий муаммоларга яна бир бор ҳамкасблари эътиборини қаратиб, минтақавий ҳамкорликнинг устувор йўналишларини белгилаб берди.
– Бугунги кунда экологик муаммоларни глобал иқлим ўзгаришидан айри ҳолда кўриб чиқиб бўлмайди, – деди Президентимиз. – Глобал исиш суръати жадаллашяпти. Марказий Осиёда ҳарорат икки баробар тез кўтарилмоқда. Минтақа музликларининг қарийб учдан бир қисми йўқолди, ёғингарчилик тартиби беқарорлиги кузатилиб, сув ресурслари танқислиги ортяпти. Ер майдонларининг 80 миллион гектари аллақачон деградацияга учраган.
Орол фожиасининг олдини олиш сўнгги 10 йилда умуммиллий ҳаракатга айланди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бошланган ишлар денгиз тубида яшил майдон барпо этиш ҳаракатига айланди. Бу хайрли ишга халқаро молия институтлари ҳам эътибор қаратишини умумжаҳон иқлим ўзгариши ва экологиясига республикамиз томонидан билдирилаётган аниқ таклифлар қўллаб-қувватланиши сифатида баҳолаш мумкин.
Президент ўз нутқида Оролни қутқариш халқаро жамғармасининг халқаро майдонда ноёб минтақавий тузилма сифатидаги мавқеи кўтарилаётгани, Марказий Осиёда сув тақчиллиги кучайишига сабаб бўлаётган иқлим ўзгариши ва сув истеъмолига эҳтиёж кўпайиб, талаб янада ортаётганини таъкидлади.
– Экспертлар баҳосига кўра, 2040 йилга бориб Орол денгизи ҳавзасида сув тақчиллиги қарийб икки баробар – йилига 20 миллиард куб/метргача ошади, – деди Шавкат Мирзиёев. – Бу ичимлик суви таъминоти, экология, аграр сектор, энергетика ва ижтимоий барқарорлик учун қўшимча хавф-хатарларни юзага келтиради.
Шундай бир пайт минтақа мамлакатларида сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш учун илғор, замонавий ва намликни сақловчи технология қўллаш бўйича кўрсаткичлар кўнгилга таскин берадиган даражада эмас. Масалан, қишлоқ хўжалигида бир доллар қўшилган қиймат яратиш учун белгиланганганидан тахминан 3 куб/метр кўп сув сарфланмоқда. Дунёда бу рақам икки баробар кам.
Давлат раҳбари Ўзбекистонда сувдан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар натижа бераётганига ҳам батафсил тўхталди. Қисқа муддатда суғориладиган ерларимизнинг 60 фоизига сув тежайдиган технология жорий этилди. Ирригация тармоғини мустаҳкамлаш 40 фоизга етказилди. Мамлакатнинг аксар экин майдонлари сув сўрғич (насос) билан таъминланган. Насос станциялари модернизация қилиниши ҳисобига сув хўжалигида энергия истеъмоли қарийб 30 фоиз қисқарди. Бу йўналишда изланиш давом этади.
Ўрни келганда айтайлик: ҳозир 600 000 дан зиёд сувдан фойдаланувчи ва 4 миллион гектардан ортиқ суғориладиган ерни қамраб оладиган ягона рақамли маълумотлар маркази шакллантирилмоқда. Самарадор лойиҳалар амалга оширилиши туфайли ҳар йили 10 миллиард куб/метрдан кўп оби ҳаёт тежаляпти. 2030 йилга бориб ушбу рақам 15 миллиардга етади.
Комплекс ва изчил хусусиятга эга ушбу чора-тадбирлар ўтган йил қабул қилинган Сув кодексида ифодасини топган.
Мамлакатимиз етакчиси келгуси йил бошланадиган Ўзбекистоннинг ОҚХЖга раислиги даври учун белгиланган муҳим йўналишларга алоҳида тўхталиб ўтди. Жумладан, жамғарма фаолиятини янада ривожлантириш, тузилма шартномавий-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш зарурлигини қайд этди.
Шу муносабат билан Орол денгизи ҳавзаси бўйича тўртинчи дастур ижроси мониторингига самарадорликнинг муҳим кўрсаткичларини киритиш тавсия этилди. Хусусан, БМТнинг Орол бўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп шериклик траст фонди мандати ва географик қамровини бутун Орол денгизи ҳавзасигача кенгайтириш имкониятини кўриб чиқиш таклифи билдирилди.
– Бу барча давлатларимиз ҳудудида амалга ошириладиган ҳаётий муҳим экологик ва ижтимоий-иқтисодий лойиҳаларга мақсадли инвестиция йўналтириш имконини беради, – деди Шавкат Мирзиёев.
Жамғарма сув-энергетика масаласи, музликлар ва тоғ экотизимини асраш, иқлим ўзгаришига мослашиш, чўлланишга қарши курашиш бўйича самарали минтақавий платформалар билан амалий ҳамкорлик йўлга қўйиши лозимлиги таъкидланди. Бу йўлда Тошкентдаги Яшил университет қошидаги Чўлланишга қарши курашиш маркази билан бирга мақсадли, аниқ лойиҳалар амалга ошириш таклиф этилди.
Ўзбекистон етакчиси халқларимизнинг ҳаёт манбаи сифатида сувга нисбатан эҳтиёткор муносабатда бўлишдек кўп асрлик анъанасини қайта тиклаш заруратига алоҳида урғу берди.
– Кўриниб турибдики, агар жамиятнинг сувга муносабати ўзгармаса, ҳеч қандай муҳандислик ечими кутилган самарани бермайди, – деди давлатимиз раҳбари. – Узлуксиз таълим тизими орқали – мактабгача муассасалардан мутахассислар тайёрлашгача – сувдан оқилона фойдаланишни ҳар бир кишининг кундалик одатига, умумий маданий кодимизга айлантиришга интилишимиз керак.
Бундан ташқари фермерлар ва саноатда банд аҳолини сув тежовчи замонавий технологиялардан фойдаланишга амалий жиҳатдан ўргатадиган “Келажак суви” минтақавий дастурини ишга тушириш таклиф этилди.
Истиқболда Орол ҳавзасидаги барча мамлакатлар, жумладан Афғонистоннинг ҳуқуқи ва мажбуриятини ҳисобга олган ҳолда, сув ресурсларини тақсимлаш бўйича минтақавий шартномавий-ҳуқуқий база шакллантириш зарур.
Ўзбекистон Президенти қўшни мамлакатлар етакчиларини шу йил сентябрь ойида Самарқандда бўлиб ўтадиган Сувни тежаш бўйича жаҳон форумида иштирок этишга яна бир бор таклиф этди.
Тадбир якунида етакчилар Остона баёноти, шунингдек Қозоғистон раислигининг бориши, 26 мартни Халқаро Орол денгизи, Амударё ҳамда Сирдарё куни деб эълон қилиш ҳамда Ўзбекистон етакчисини 2027-2029 йилларда жамғарма президенти этиб сайлаш тўғрисидаги қарорларни имзоладилар.
Хулоса ўрнида таъкидлаш керак, Ўзбекистон Президентининг шу кунгача Орол муаммоси билан боғлиқ масалаларда билдирган таклифлари изчил самара бериб келмоқда. 2027-2029 йилларда амалга ошириладиган ишлар эса янада салмоқли бўлиши шубҳасиз.
Абдуғафур Маматов, ЎзА