24 октябрь – Бирлашган Миллатлар Ташкилоти куни
БМТ дунёдаги 200 га яқин мамлакат аъзо бўлган энг йирик халқаро тузилма ҳисобланиб, у жаҳонда тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлашга, давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни барқарор ривожлантиришга хизмат қилиб келмоқда. Ташкилот инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш қоидасига амал қилган ҳолда – ирқи, жинси, тили ёки динига қараб ажратмай, халқаро ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишни замонавий босқичига асос яратди.
“Бирлашган Миллатлар” атамаси АҚШнинг 32-президенти Франклин Делано Рузвельт томонидан 1942 йилнинг 1 январида “Бирлашган Миллатлар Декларацияси”да илк бор ишлатилган бўлсада, БМТ низоми расмий равишда 1945 йилнинг 24 октябрдан кучга кирган. БМТ низоми ҳуқуқ воситаси бўлиб, у қонунлар қабул қилмайди, аксинча, унга аъзо барча мамлакатларнинг суверенитети, тенг ҳуқуқлилиги тушунчасидан тортиб, халқаро муносабатларнинг ўрнатилишида куч ишлатмаслик каби тамойилларни белгилаб беради.
Ўзбекистон 1992 йил 2 мартда БМТга аъзо бўлган. Юртимизнинг БМТ ҳузуридаги доимий ваколатхоналари Нью-Йорк (АҚШ) ва Женева (Швейцария) шаҳарларида, шунингдек, БМТнинг бошқа халқаро ташкилотлари ҳузуридаги ваколатхонамиз Вена (Австрия) шаҳрида фаолият кўрсатиб келмоқда. Ўтган йиллар мобайнида давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеяси ҳамда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгаши сессияларида фаол иштирок этди. Давлатимиз раҳбарининг БМТ олий минбаридаги ҳар бир тарихий чиқишлари кенг қамровли ва мавжуд муаммолар ечимига қаратилган аниқ таклиф ҳамда ташаббуслари билан нафақат халқимиз, балки жаҳон ҳамжамиятининг эътирофига сазовор бўлмоқда. Ушбу ташаббусларнинг халқаро миқёсда тан олиниши юртимизнинг жаҳон майдонидаги ўрни янада мустаҳкамланиши ва рейтинги ўсишида муҳим аҳамиятга эга. Бу ўз-ўзидан минтақавий муаммоларни биргаликда ҳал этиш масалаларида Ўзбекистоннинг етакчи ўринларда бўлишига шароит яратади.
Таъкидлаш жоиз мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш, мажбурий меҳнатни бартараф этиш каби умуминсоний қадриятларга хизмат қилувчи масалаларда улкан натижаларга эришилди. Бу борада амалга оширилаётган ислоҳотлар БМТ тамойилларига уйғун ва ёндош халқаро ташкилотлар билан амалий ҳамкорликда олиб борилмоқда. Эътиборли жиҳати, 2017 йил 12 сентябрда Давлатимиз раҳбари БМТнинг Нью-Йоркдаги бош штаб-квартирасида қилган чиқишлари, айниқса, Бош Ассамблеянинг 75-сессиясида нуфузли минбардан туриб ўзбек тилида сўзлаган нутқлари Ўзбекистон – БМТ муносабатларининг мутлақо янги босқичини бошлаб бериши билан бирга, она тилимиз - ўзбек тилининг халқаро майдондаги нуфузини ҳам оширди. Ўзбекистон ўз ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида БМТ билан ҳамкорликка катта аҳамият қаратади. Ватанимиз БМТ Низоми, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ва асосий шартномалардаги мақсад ва қоидаларига содиқ бўлиб, ўз зиммасига олган мажбуриятларни оғишмай бажариб келмоқда.
Бугунги мураккаб даврда – дунё миқёсида низолар кўлами мисли кўрилмаган даражада кенгайиб, халқаро тинчлик ва барқарорликка таҳдид кучайиб бораётган шароитда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг роли ҳамда масъулияти янада ортмоқда. Бугунги кунда БМТ ўз фаолиятига кўра дунёда унинг ўрнини боса оладиган бирорта халқаро тизим мавжуд эмаслиги, ҳар бир инсон қалби ва онгида зўравонликка нуқта қўювчи, миллатлар ҳаракатини уйғунлаштириб турадиган “Ягона марказ” сифатида яна узоқ йиллар яшаб қолади. 2022-2026 йилларга мўлжалланган ривожланиш стратегиясида белгилаб берилган муҳим вазифаларни бажаришда, мамлакатимизнинг БМТ билан ўзаро манфаатли ҳамкорлиги кўламини кенгайтириши мустақил Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги ўрнини янада мустаҳкамлайди.
Мадина Зуфарова,
“Renessans” таълим университети “Филология ва тилларни ўқитиш” факультети талабаси.