Ўзбекистон ва БМТ ҳамкорлигининг устувор йўналишлари
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитасида 1 март куни мамлакатимиз БМТга аъзо бўлганининг 29 йиллигига бағишлаб, “Ўзбекистон ва БМТ ҳамкорлигининг устувор йўналишлари” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Тадбирда депутатлар, БМТнинг ихтисослашган тузилмалари ваколатхоналари раҳбарлари, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети профессор-ўқитувчилари, ёш тадқиқотчилар иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси 1992 йил 2 мартда БМТга аъзо бўлган. Шу кундан эътиборан мамлакатимиз байроғи БМТнинг Нью-Йоркдаги қароргоҳи олдида бошқа давлатлар байроқлари қаторидан жой олди.
Маълумки, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти дунёда кечаётган ҳар қандай сиёсий жараёнларни мувофиқлаштириш ва бошқариш, минтақавий можароларни бартараф этиш, табиий офатларнинг олдини олиш, қашшоқликка қарши курашиш каби кенг қамровли муаммоларни ҳал этиш йўлида фаолият юритиб келмоқда. Ташкилот аъзо давлатларнинг барқарор ривожланишга эришиш йўлидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватловчи ягона ва энг обрўли халқаро тузилма ҳисобланади.
Тадбирда Ўзбекистон ва БМТ ўртасидаги ҳамкорликнинг бош мақсади – дунёда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, давлатлараро ҳамжиҳатлик ва дўстликни мустаҳкамлаш, халқаро иқтисодий, маданий ва ижтимоий-гуманитар алоқаларни ривожлантириш, инсон ҳуқуқлари ва эркинлигини қўллаб-қувватлашдан иборат экани таъкидланди.
Ўзбекистон ўтган даврда БМТнинг фаол аъзоларидан бирига айланди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2020 йил 23 сентябрда БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида глобал ва минтақавий аҳамиятга эга ташаббусларни илгари сурди.
Давлатимиз раҳбари яқинда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясида сўзлаган нутқида мамлакатимизда демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш доирасидаги асосий вазифаларга тўхталиб, инсон ҳуқуқлари бундан буён ҳам БМТ билан ўзаро ҳамкорлигимизнинг муҳим йўналиши бўлиб қолишини алоҳида таъкидлади.
Давлатимиз раҳбарининг ушбу юксак минбардаги нутқи мамлакатимиз инсон ва унинг ҳуқуқлари йўлида ўзи танлаган йўлдан ортга қайтмаслигини, халқаро ҳуқуқнинг инсон ҳуқуқларига оид умумэътироф этилган принцип ва нормаларини қатъий ҳимоя қилишини ва уни фаол илгари суришини яна бир бор намоён этди.
Ўзбекистон БМТнинг 2030 йилгача Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш бўйича қатор чора-тадбирларни амалга оширмоқда. Жумладан, БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига тўла ҳамоҳанг тарзда ишлаб чиқилган Ҳаракатлар стратегияси ва унга мувофиқ ҳар йили қабул қилинаётган Давлат дастурлари мамлакатимизнинг ҳалқаро ҳамжамият билан баравар ривожланишига замин яратмоқда.
Ушбу мақсадлардан келиб чиққан ҳолда, Олий Мажлис палаталарининг қонун ижодкорлиги ва парламент назорати фаолияти доирасида тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинган. Хусусан, парламент томонидан Ўзбекистоннинг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш бўйича ҳукумат томонидан амалга оширилиши лозим бўлган ишлари юзасидан мунтазам эшитувлар йўлга қўйилган.
Давра суҳбатида Ўзбекистон ва БМТ ҳамкорлигининг асосий устувор йўналишлари, мамлакатимизнинг ташкилот доирасида эълон қилаётган ташаббуслари ва уларнинг ижроси, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашида Ўзбекистон Республикаси аъзолигининг асосий вазифалари каби мавзулар юзасидан фикр алмашилди.
С.РАҲИМОВ, ЎзА