Блогерлар қанча солиқ тўлайди?
Солиқ қўмитасида блогерлар билан очиқ мулоқот бўлиб ўтди.
Солиқ қўмитасининг маълумотларига кўра, соҳани тизимли ўрганиш доирасида энг фаол 110 нафар блогер рўйхати шакллантирилди.
Таҳлиллар шуни кўрсатдики, уларнинг 55 нафари ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида, 33 нафари якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтган, қолган 22 нафари эса жисмоний шахс мақомида фаолият юритмоқда. Бу эса блогерлик фаолиятининг амалдаги кўлами билан унинг ҳуқуқий мақоми ўртасида муайян номутаносиблик мавжудлигини кўрсатади.

Алоҳида эътибор 3 миллиондан ортиқ обуначига эга 6 нафар топ-блогер фаолиятига қаратилди. Аниқланишича, 2025 йил давомида улар томонидан 360 та сторис ва 184 та реклама постлари жойлаштирилган. Электрон ҳисобварақ-фактуралар асосида тақдим этилган маълумотларга кўра, мазкур блогерларнинг жами даромади 2,7 миллиард сўмни ташкил этган, бюджетга эса 110,4 миллион сўм солиқ тўланган.
Учрашув давомида иштирокчиларга реклама жойлаштиришдан олинадиган даромадларни солиққа тортиш тартиби батафсил тушунтирилди.
Хусусан, ўзини ўзи банд қилган шахс мақоми ходим ёллаш ҳуқуқини бермаслиги, амалда эса айрим блогерлар томонидан администраторлар ва бошқа мутахассислар жалб этилаётгани қайд этилди.

Шунингдек, иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди. Соҳада солиқ маданиятини ошириш, ҳуқуқий саводхонликни кучайтириш мақсадида ўқув семинарлари ва тушунтириш ишларини янада кенгайтириш таклиф этилди.
Солиқ қўмитаси мутасаддилари блогерлик фаолиятини қонунчилик талабларига мувофиқлаштириш ва даромадлар шаффофлигини таъминлаш бугунги кунда долзарб вазифа эканини алоҳида таъкидлади.
Ш.Маматуропова, ЎзА