Ижтимоий тармоқлардаги машҳурлик васвасасининг маънавий инқирозга етакловчи хавфи
Жамият ва медиа
Бугун ижтимоий тармоқларда миллионлаб кўришлар тўплаган видео эртагаёқ унутилиши мумкин. Машҳурликка эришган блогернинг номи ҳам вақт ўтиши билан эсдан чиқар. Аммо ёш авлод онгида қолдирилган салбий таъсир оқибатларини бартараф этиш анча қийин кечади.
Сир эмаски, ижтимоий тармоқлар ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланди. Улар орқали дунё янгиликларидан хабардор бўламиз, билим олиб, фикр алмашамиз. Бироқ имкониятлар кенгайгани сари улардан фойдаланиш маданияти, маънавий масъулият ва ахлоқий мезонлар масаласи тобора долзарблашмоқда. Айниқса, “Instagram”да кўпроқ кўриниш ва обуначи тўплашни ягона мақсад қилган айрим контент яратувчиларнинг фаолияти жиддий мулоҳазага чорлайди.
Тармоқларни кузатар эканмиз, бир-бирига зид манзараларга дуч келамиз. Бир саҳифада илм-маърифат, миллий ҳунармандчилик, оилавий қадриятлар тарғиб этилса, бошқасида мазмунсиз жанжаллар, шахсий ҳаётни кўз-кўз қилиш ва жамоатчилик эътиборини ҳар қандай йўл билан жалб қилишга қаратилган беҳаё чиқишлар кўзга ташланади.
Ачинарлиси шундаки, айрим блогерлар учун контент мазмуни эмас, фақат шов-шув муҳим. Инсоннинг билими ёки жамиятга қўшаётган ҳиссаси эмас, балки қандай ғалати ҳаракат қилиши, қандай жанжал кўтариши унинг машҳурлигини белгилаётгандек. Хўш, машҳурликнинг қиймати нега маънавият ва масъулият билан эмас, балки фақат кўришлар сони ва лайклар билан ўлчаниши керак?
Масала кўламини англаш учун DataReportal таҳлилий платформасининг “Digital-2026: Uzbekistan” ҳисоботига мурожаат қилсак. 2025 йил октябрь ҳолатига кўра, Ўзбекистонда Instagram рекламавий аудиторияси 14,1 миллион нафарга етган — бу мамлакат аҳолисининг қарийб 38 фоизи дегани. Бу рақамлар ижтимоий тармоқларнинг жамият ҳаётидаги улкан таъсир кучини кўрсатади. Демак, рақамли маконда тарқалаётган ҳар бир ғоя ва видео жуда кенг аудиторияга, хусусан, ёшларга етиб боради. Афсуски, айримлар бу улкан масъулиятни ҳис қилиш ўрнига, тармоқни шахсий манфаат ва осон даромад орттириш воситаси сифатидагина кўрмоқда.
Кўришлар сони учун қурбон қилинаётган қадриятлар
Бугун айрим блогерлар фаолиятида беҳаёлик ва ҳурматсизликни оддий ҳолат сифатида кўрсатишга уриниш авж олмоқда. Кузатувчи йиғиш мақсадида оилавий келишмовчиликларни оммага олиб чиқиш, эр-хотин ўртасидаги ҳурматсизликни кулгига айлантириш ва ўзаро ҳақоратларни кўнгилочар маҳсулот сифатида тақдим этиш шулар жумласидандир.
Бундай видеоларда кийиниш маданияти, муомала одоби ва жамоатчилик олдидаги масъулият унутилади. Тўғри, ҳар бир инсон ўз фикри ва услубига эга бўлиш ҳуқуқига эга. Аммо шахсий эркинлик бошқаларнинг қадр-қимматини ва қонун-қоидаларни инкор этиш дегани эмас. Можароларни контентга айлантириб кўришлар сонини ошираётганлар эртага жамиятда беписандлик ва масъулиятсизликнинг кучайишига замин яратаётганини англаши шарт.
“Мен замонавийман, сизлар эскича фикрлайсизлар!”
Танқидга учраган айрим блогерлар дарҳол “замонавийлик” ёки “шахсий ҳаётим” деган қалқон ортига яширинади. Эътирозларга “Менга ақл ўргатманг, ёқмаса кузатманг!” қабилида жавоб қайтарилади. Нақадар “қулай” мантиқ! Омма эътиборини жалб қилиш учун очиқ контент яратади, лекин омма фикр билдирса, рад этади. Демак, обуначи керак, аммо масъулият керак эмас. Машҳурлик керак, аммо жамоатчилик олдидаги бурч керак эмас.
Ҳолбуки, эркинлик масъулиятдан холи бўлиш эмас. Замонавий инсон ҳамма нарсани ошкор қилиши ва шов-шув кўтариши билан эмас, балки ўзини тута билиши, сўзининг оқибатини англаши ва чегарани тушуниши билан қадрлидир.
Ёшлар онгига таъсир қилаётган кўринмас хавф
Муаммонинг энг хавфли томони бундай контентларнинг ёш авлод дунёқарашига таъсиридир. Бугунги ёшлар учун ижтимоий тармоқлар муайян ҳаёт тарзини ўрганиш майдонига айланган. Ҳар куни савиясиз ва жанжалли видеоларни кўраверган ўсмир шундай хатти-ҳаракатларни одатий ҳолатдек қабул қила бошлайди. Моддий бойликни инсон қадрининг асосий ўлчови сифатида кўриш, машҳурлик учун ҳар қандай ишни мақбул деб ҳисоблаш каби қарашлар айнан шу ерда шаклланади.
Маънавий ўзгаришлар бир кунда содир бўлмайди, улар такрорий таъсирлар орқали инсон хулқ-атворига сингади. Ота-она фарзандига китоб ўқиш ва одобни ўргатаётган бир пайтда, унинг телефонида мутлақо тескари қадриятлар тарғиб этилса, тарбиядаги таназзул бошланади.
Қонун бор, масъулият ҳам бўлиши шарт
«Ахборотлаштириш тўғрисида»ги қонунга мувофиқ, блогерлар тарқатаётган маълумотларининг ҳаққонийлигини текшириши ва қонунга зид материалларга йўл қўймаслиги лозим. Интернетда фаол бўлиш жавобгарликдан озод қилмайди. Хусусан, ҳаёсизлик ёки зўравонликни тарғиб қилишга йўл қўйилмайди.
Шу билан бирга, ҳар қандай ёқимсиз материални автоматик равишда қонунбузарлик деб баҳолаш ҳам ноўрин. Бироқ ҳуқуқий жавобгарликдан ташқари, контент яратувчининг маънавий масъулияти борлигини унутмаслик керак. "Қонун тақиқламаган ҳар қандай ишни қилиш мумкин", деган қараш нотўғри. Маънавият фақат тақиқлар билан эмас, виждон ва ички масъулият билан ҳам ўлчанади.
Маънавиятни асраш — тақиқлаш эмас, муқобил яратиш
Ижтимоий тармоқлардаги айрим чиқишларга нисбатан жамоатчиликнинг кескин эътирозлари аслида муҳим ижтимоий сигналдир. Бу халқимизнинг миллий қадриятлар ва ёшлар тарбиясига бефарқ эмаслигини кўрсатади.
Муаммонинг ечими фақат танқид қилиш ёки саҳифаларни ёпиш билан чекланмайди. Энг аввало, жамиятда сифатли контентга бўлган талабни кучайтириш, таълимда медиасаводхонликни ошириш зарур. Блогерлар миллионлаб кузатувчиларни даромад манбаи эмас, ишонч билдирган масъулият юки сифатида қабул қилиши лозим.
Ўзбек халқининг ҳаё, ибо, меҳр-оқибат ва ҳалоллик каби қадриятлари ҳеч қачон эскирмайди. Замон ўзгариб, технологиялар ривожланса-да, тараққиёт ўзлигимиздан воз кечиш ҳисобига бўлмаслиги шарт.
Бугун бизга фақат шов-шув кўтарадиган эмас, фикр уйғотадиган, жамиятни пароканда қиладиган эмас, эзгулик атрофида бирлаштирадиган контент яратувчилар сув билан ҳаводек зарур. Машҳурлик инсонни улуғ қилмайди, балки жамиятга келтирган нафи унинг асл қадрини белгилайди.
Нурилло НАСРИЕВ,
ЎзА шарҳловчиси