Бизнинг энг катта бойлигимиз кўп миллатли буюк халқимиздир
Нукусда юртимиздаги барча миллат ва элатлар вакилларининг ўзаро тенглиги, бирдамлиги ҳамда Янги Ўзбекистон тараққиётига қўшаётган ҳиссасини эътироф этишга бағишланган “Ўзбекистон − ягона Ватан!” шиори остида анжуман ўтказилди.
Тошкент шаҳридан йўлга чиққан “Дўстлик” поезди мамлакатимизда истиқомат қилувчи турли миллат вакилларини Қорақалпоғистон Республикасига жамлади.
Анжуманнинг асосий мақсади − жамиятимизда миллатлараро тотувлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, турли миллат вакилларини ягона Ватан туйғуси атрофида бирлаштириш, уларнинг мамлакатимиз ижтимоий ва маданий ҳаётидаги фаол иштирокини қўллаб-қувватлашдан иборат.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Миллатлараро муносабатлар қўмитаси, Маданият вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги, Республика Маънавият ва маърифат маркази, “Ватандошлар” жамоат фонди ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди вакиллари, шунингдек, миллий маданий марказлар фаоллари, жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Тадбир иштирокчилари дастлаб юртимиздаги барча миллат ва элатлар вакилларининг ўзаро тенглиги, бирдамлигини акс эттирувчи кўргазма билан танишди.
[gallery-31735]
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси А.Оринбаев, Ўзбекистон Республикаси Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмитаси раиси Қ.Сариев, Республика Маънавият ва маърифат маркази раиси О.Ҳасанов ва бошқалар сўзга чиқиб, юртимизда давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш, уларнинг ҳуқуқларини муҳофаза қилиш борасида амалга оширилаётган амалий ишларга тўхталди.
Дарҳақиқат, кейинги йилларда давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири – жамиятда миллатлараро тотувлик ва бағрикенгликни таъминлаш, дўстлик муҳитини ва кўп миллатли катта ягона оила туйғусини мустаҳкамлаш, ёшларни Ватанга муҳаббат ва садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат билан қараш руҳида тарбиялаш, хорижий мамлакатлар билан маданий-маърифий алоқаларни кенгайтиришга йўналтирилган кенг миқёсдаги ишлар олиб борилмоқда.
Президентимиз 2020 йил 29 декабрда Олий Мажлисга тақдим этган Мурожаатномасида жамиятда миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлашга қаратилган ишларни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиш зарурлигини қайд этиб, БМТ Бош Ассамблеясининг резолюцияси билан ҳар йили 30 июль – Халқаро дўстлик куни сифатида кенг нишонланиши, шу боис мазкур санани Ўзбекистонда “Халқлар дўстлиги куни” деб белгилашни таклиф этгани юртимизда истиқомат қилувчи кўп миллатли фуқароларимизни қувонтирди.
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, бизнинг энг катта бойлигимиз – Ўзбекистонни ўзи учун ягона Ватан деб биладиган кўп миллатли буюк халқимиздир. Чуқур маънога эга бу қимматли фикрлар ҳар биримизга алоҳида куч-ғайрат бағишлаш билан бирга, барчамизга катта масъулият юклайди. Зеро, ҳозир дунё мамлакатлари ўртасида кечаётган ўзаро зиддиятлар биздан ҳар қачонгидан ҳам ҳушёрликни талаб этмоқда.
Шуни алоҳида таъкидлашимиз керакки, азал-азалдан юртимизда турли миллат вакиллари бир оиланинг фарзандларидек тинч-тотув ва фаровон турмуш кечириб келган. Бугунги кунда Қорақалпоғистонда 30 дан ортиқ миллат вакили ўзаро ҳурмат ва мустаҳкам ҳамжиҳатликда барча тармоқларда самарали фаолият юритмоқда.
Бундан ташқари, олий ўқув юртларида 15 дан ортиқ миллат вакили мустаҳкам ҳамжиҳатликда ўқиб, таълим олмоқда. Қолаверса, 5 та миллий маданий марказ ва 68 та диний ташкилот самарали фаолият юритмоқда. Шундай тадбирлар натижасида турли миллат вакилларининг бой маданияти ва миллий мероси авлоддан-авлодга ўтиб бормоқда.
Айниқса, Президентимиз ташаббуси билан қад ростлаган дунёдаги энг улкан “Қора уй” кўп миллатли халқимизнинг дўстлик рамзига айлангани кўнгилларга ғурур-ифтихор туйғуларини бағишлайди.
Анжуманда миллати, тили ва маданиятидан қатъи назар, ҳар бир инсоннинг юрт равнақига дахлдорлигини кучайтириш, ўзаро ҳурмат ва тенглик тамойилларини қарор топтириш, маданий хилма-хилликни асраб-авайлаш масалаларига эътибор қаратилди. Турли миллат ва элатлар вакилларининг фидокорона меҳнати, ташаббуслари ҳамда жамият ҳаётидаги иштироки Янги Ўзбекистон тараққиётига қўшилаётган муносиб ҳисса сифатида эътироф этилди.
Тадбир ўз ишини “Ўзбекистонда умуммиллий бирдамликни таъминлаш: давлат сиёсати, амалий натижалар ва истиқболдаги режалар”, “Миллатлараро дўстликни мустаҳкамлашнинг янги даври: Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжон тажрибаси”, “Миллий маданий марказлар фаолиятини самарали йўлга қўйиш: қонунчилик, яратилган имкониятлар ва муҳим вазифалар”, “Миллий маданий марказларнинг амалий тажрибаси” мавзуларида шўъбаларга бўлинган ҳолда давом этди.
Шу куни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси номидан “Дўстлик карвони” маданий кеча ва тантанали қабул маросими ўтказилди.
Тадбирнинг иккинчи куни иштирокчилар Хўжайли туманидаги Миздахқон қабристонида жойлашган XII–XIV асрларга оид ноёб ярим ер ости меъморий ёдгорлиги Мазлумхон сулув мақбараси, Нукус шаҳридаги И.Савицкий номидаги Қорақалпоғистон давлат санъат музейи, Амударё туманида жойлашган "Чилпиқ" археологик ёдгорлиги билан танишди.
“Ўзбекистон — ягона Ватан!” ғояси юртимизда яшаётган ҳар бир инсоннинг орзу-интилишлари, бугунги меҳнати ва келажагини шу замин билан боғлайдиган умумий мақсадни ифодалайди. Қорақалпоғистон Республикасида бўлиб ўтган мазкур анжуман ана шу дахлдорлик туйғусини мустаҳкамлаш, тинчлик ва тотувликни қадрлаш ҳамда мамлакат тараққиёти йўлида ҳамжиҳатликни кучайтиришга хизмат қилди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА мухбирлари