Бизнесни рўйхатга олишда кимлар онлайн иштирок этади?
Хабарингиз бор, 15 октябрдан мамлакатимизда бизнесни рўйхатга олиш жараёнлари бошланди.
Миллий статиcтика қўмитаси маълумотига кўра, бизнесни рўйхатга олиш жараёнида маълумотлар иқтисодий бирликларнинг ташкилий-ҳуқуқий шаклидан келиб чиқиб, юзма-юз суҳбат ёки онлайн шаклда йиғилади.
Юридик шахслар фаолият юритаётган манзилга рўйхатга олувчи ходимлар ташриф буюриб, субъектнинг номи, ташкилий-ҳуқуқий шакли, амалдаги фаолият манзили, фаолият йўналиши ва алоқа маълумотлари каби умумий маълумотларни планшет орқали саволномага киритади.
Иқтисодий фаолиятга оид батафсил маълумотлар юридик шахслар томонидан hisobot.stat.uz (eStat 4.0) ахборот тизими орқали мустақил равишда онлайн тақдим этилади.
Якка тартибдаги тадбиркорлар, оилавий тадбиркорлар, ҳунармандлар ва бошқа шу тоифадаги иқтисодий бирликлар бўйича маълумотлар тўлиқ юзма-юз суҳбат асосида, рўйхатга олувчилар томонидан планшетлар ёрдамида йиғилади.
Ўзини ўзи банд қилган шахслар эса census.stat.uz ахборот тизими орқали рўйхатга олиш саволномасини мустақил равишда онлайн тўлдиришлари мумкин.
Моҳигул Қосимова,
ЎзА