Бизнесни ривожлантириш банкитомонидан 10 триллион 380 миллиард сўм кредит маблағлари ажратилди
Оммавий ахборот воситалари учун контент тайёрлаш марказида “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБнинг 2025 йилдаги фаолияти якунларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Тадбирда мамлакатимиз банк-молия тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар иқтисодиёт ривожи ва аҳоли фаровонлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этаётгани алоҳида таъкидланди. “Инсон қадри учун” тамойили асосида амалга оширилаётган лойиҳалар банк хизматларини замон талабларига мослаштириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва янги иш ўринлари яратишга хизмат қилаётгани қайд этилди.
Матбуот анжуманида таъкидланишича, “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ “Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш” комплекс дастурининг асосий таянч банкларидан бири сифатида иқтисодиёт тармоқларини молиявий қўллаб-қувватлашда фаол иштирок этмоқда.
– 2026 йил 1 январь ҳолатига банкнинг умумий капитали 5,27 триллион сўмга етди, – дейди Бизнесни ривожлантириш банки Стратегия бош директори Бахтиёр Раҳматов. – Бу ўтган йилга нисбатан қарийб 25 фоизга ўсишни кўрсатади. Банк активлари ҳам ўсишда давом этиб, 38 триллион 167 миллиард 731 миллион сўмни ташкил қилди. Бу 2024 йилга нисбатан 18,8 фоизга кўпдир.Даромад келтирувчи активлар 32 триллион 184 миллиард 800 миллион сўмга етди ва уларнинг банк жами активларидаги улуши 84,3 фоизни ташкил қилди. Шу билан бирга, депозит базаси 41,6 фоизга ўсиб, депозитлар қолдиғи 15 триллион 241 миллиард 180 миллион сўмга етди. Шундан 4 триллион 197 миллиард 471 миллион сўми жисмоний шахслар омонатларига тўғри келади. 2025 йилда банк томонидан жами 10 триллион 380 миллиард сўм кредит маблағлари ажратилди. Бу маблағлар иқтисодиётнинг турли соҳаларида янги лойиҳаларни амалга оширишга хизмат қилди. Натижада банкнинг кредит қўйилмалари 24 триллион 551 миллиард 958 миллион сўмга етди. Бу эса 2024 йилга нисбатан 8,9 фоизга ўсишни англатади.
[gallery-28370]
Матбуот анжуманида қайд этилишича, 2025 йил якунларига кўра банк мижозлари сони 1 миллион 865 минг 608 нафарга етди. Шундан 1 миллион 768 минг 254 нафари жисмоний шахслар, 97 минг 354 нафари юридик шахслар ҳисобланади.
Маълумот ўрнида айтиш жоиз, 2026 йил 1 январь ҳолатига банкнинг хизмат кўрсатиш офислари сони 76 тани ташкил этди. Шунингдек, мижозларга 156 та халқаро пул ўтказмалари шохобчалари, 198 та валюта айирбошлаш шохобчалари ва 327 та 24/7 режимда хизмат кўрсатувчи шохобчалар орқали хизмат кўрсатилмоқда.
– “Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш” дастури доирасида 7 601 нафар тадбиркорга 820 миллиард сўм кредит ажратилди, – дейди банкнинг Стратегик ривожлантириш департаменти директори Озода Шукурова. – Бунинг натижасида 7 минг 809 та янги иш ўрни яратилди. Банкка бириктирилган 610 та маҳаллада 2025 йил давомида 5 триллион 215 миллиард сўм кредит ажратилди. Натижада 262 минг 293 нафар аҳоли бандлиги таъминланди. Шундан 97 минг 328 нафари доимий ишга жойлаштирилди, 164 минг 965 нафар фуқаро тадбиркорликка жалб қилинди. “Сайхунобод тажрибаси” асосида 6 минг 689 та молиявий пакет шакллантирилди. 28 минг 12 та микролойиҳа амалга оширилиб, 704 миллиард сўм кредит ажратилди. Бунинг натижасида 57 минг 604 нафар аҳолининг доимий бандлиги таъминланди.
“Уйчи тажрибаси” доирасида 1 минг 368 та учрашув ўтказилди. 5 минг 620 та мурожаат ҳал қилинди ва 8 минг 688 та янги иш ўрни яратилди. “Аёл тадбиркор” кредит маҳсулоти доирасида 1 минг 530 нафар тадбиркор аёлга 192,4 миллиард сўм кредит ажратилди. Бунинг натижасида 2 минг 300 та янги иш ўрни яратилди.
Умуман олганда, 2025 йилда 6 919 нафар фуқарога 1 триллион 892 миллиард сўмлик ипотека кредитлари ажратилди. Жумладан, 3 минг 39 нафар фуқарога 909,5 миллиард сўм субсидияли ипотека кредитлари тақдим этилди.
Матбуот анжуманида ипотека кредитлари ўтган йилга нисбатан 202 фоизга ошгани қайд этилди. Шунингдек, тадбирда банкнинг 2026 йилдаги устувор вазифалари ҳам белгилаб берилди. Унда тадбиркорликни қўллаб-қувватлашни кенгайтириш, янги иш ўринлари яратиш, инновацион хизматларни жорий этиш ва жамоатчилик билан очиқ мулоқотни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилиши таъкидланди.
Тадбир якунида оммавий ахборот воситалари вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Шаҳноза Маматуропова, Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА