Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги: сарҳисоб ва режалар
2025 йилда мамлакатимиз минерал хомашё базасини барқарор ривожлантириш, янги конларни аниқлаш ва геология-қидирув ишларини кенгайтириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Жумладан, республика ҳудудининг 1:200 000 масштабдаги комплекс рақамли геологик хариталари тўлиқ шакллантирилди ва ягона маълумотлар базаси яратилди.
Шу билан бирга, Жанубий Ўзбекистон ҳудудида космогеологик ва геокимёвий тадқиқотлар, шунингдек, йирик ҳажмда аэрогеофизик ишлар бажарилди ҳамда қатор тоғ массивларида мукаммал регионал геологик ўрганиш ишлари амалга оширилди.
Бугун Миллий матбуот марказида ўтказилган анжуманда Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги масъуллари шу ҳақда маълумот берди.
Унда Тоғ-кон саноати ва геология вазири ўринбосари Урал Юсупов ташкилот томонидан 2025 йил якунлари ҳамда 2026 йилдаги устувор вазифаларга батафсил тўхталиб ўтди. Таъкидланганидек, амалга оширилган ишлар натижасида қаттиқ фойдали қазилмалар бўйича 42 та истиқболли майдон аниқланган. Жумладан, олтин, мис, нодир металлар бўйича янги салоҳиятли ҳудудлар белгиланган.
[gallery-28322]
– Давлат дастури доирасида жами 289 та геологик лойиҳа амалга оширилиб, уларга 2,9 триллион сўм маблағ йўналтирилди. Шу доирада 3 миллион метр бурғилаш ишлари, ер ости ва ер усти тоғ-кон ишлари, шунингдек, 2D ва 3D сейсмик қидирув ишлари бажарилди. Натижада нефть ва газга истиқболли 19 та янги майдонлар тайёрланди ҳамда бир қатор ҳудудларда газ-конденсат конлари аниқланди. Давлат захиралари комиссияси томонидан жами 50 та фойдали қазилмалар захиралари тасдиқланди, шундан 33 таси янги очилган конлар ҳисобланади. Шу билан бирга, ер ости сувлари захирасини ошириш бўйича амалга оширилган ишлар натижасида қатор ҳудудларда суткасига 180,4 минг метр куб қўшимча сув захиралари аниқланди. Бу эса 100 минг аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш имкониятини яратди ва қишлоқ хўжалиги ерларини қайта ўзлаштиришга хизмат қилди, – деди У.Юсупов.
Тадбирда таъкидланганидек, 2025 йилда тоғ-кон саноати корхоналари томонидан жами 214,2 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди. Шундан асосий улуш қимматбаҳо ва рангли металлар ҳиссасига тўғри келди. Ишлаб чиқариш кўрсаткичлари бўйича олтин ва кумуш тўлиқ бажарилди, 148,5 минг тонна мис, 9 миллион тонна кўмир қазиб олинди. Йирик корхоналар кесимида “Навоий КМК” АЖ томонидан 135,6 триллион , “Олмалиқ КМК” АЖ томонидан 51,6 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди. “Навоийуран” давлат корхонасида 14,3 трилион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, юқори ўсиш суръатлари таъминланди. Шунингдек, “Ўзметкомбинат” АЖ, “Ўзбеккоўмир” АЖ ва бошқа корхоналарнинг ҳам белгиланган кўрсаткичлари бажарилди.
– Экспорт кўрсаткичлари ҳам ижобий динамикани намоён этди, – дея таъкидлади У.Юсупов. – Жами маҳсулот ва хизматлар экспорти ҳажми 1,7 миллиард долларни ташкил қилиб, асосий улуш уран, рангли ва нодир металлар ҳиссасига тўғри келди. Айниқса, янги бозорларга чиқиш ва экспорт географиясини кенгайтириш бўйича ишлар изчил давом эттирилди. 2025 йилда умумий қиймати 6,8 миллиард долларлик 37 та лойиҳа доирасида 1 миллиард доллардан ортиқ тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштирилди. Шунингдек, бир қатор йирик лойиҳалар ишга туширилиб, янги ишлаб чиқариш қувватлари яратилди ва юзлаб янги иш ўринлари ташкил этилди.
Тадбирда жорий йилги устувор вазифалар ҳам айтиб ўтилди. Унга кўра, жорий йилда 275 та геологик лойиҳанинг амалга оширилиши, қарийб 3,3 триллион сўм маблағ ўзлаштирилиши ва бурғилаш ишлари ҳажми 3 миллион метрга етказилиши режалаштирилган. Шунингдек, 2D ва 3D сейсмик қидирув ишлари кенгайтирилиб, янги истиқболли майдонлар тайёрланади. Саноат йўналишида маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 220,7 триллион сўмга етказилади. Экспорт ҳажми эса 1,8 миллиард долларга оширилади.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА