Қашқадарё вилоятида 2026 йилда юқори иқтисодий ўсишни таъминлашнинг асосий мақсадли кўрсаткичлари белгиланди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Қашқадарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирларни янада жадаллаштириш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, қуйидагилар Қашқадарё вилоятида 2026 йилда юқори иқтисодий ўсишни таъминлашнинг асосий мақсадли кўрсаткичлари этиб белгиланди:
а) ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 8,2 фоизга, саноат ишлаб чиқариш ҳажми - 8,6 фоизга, бозор хизматлари ҳажми - 15,9 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажми - 5,8 фоизга ва қурилиш 13,2 фоизга ўсишини таъминлаш;
б) ишсизлик даражасини 3,2 фоизга ва камбағаллик даражасини 3 фоизга пасайтириш, шу орқали Қарши, Шаҳрисабз шаҳарлари ва Китоб туманига қўшимча Fyзop, Қамаши, Кўкдала, Миришкор, Шаҳрисабз, Яккабоғ туманларини ишсизлик ва камбағалликдан холи ҳудудга айлантириш;
в) ҳудудий экспорт ҳажмини 1,3 бараварга, инвестициялар ҳажмини 1,6 бараварга ошириш;
г) қишлоқ хўжалигида сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, сув тежовчи технологияларни кенг жорий қилиш, насос станцияларини модернизация қилиш орқали кутиладиган 800 миллион метр куб сув танқислиги таъсирини юмшатиш;
д) 15,8минг гектар қишлоқ хўжалиги ер майдонларини қайта фойдаланишга киритиш;
ж) ҳудудлар ўртасида транспорт боғлиқлигини таъминлаш орқали хорижий ва маҳаллий туристлар сонини 3,2 миллион нафарга етказиш, жойлаштириш воситаларидаги ўринлар сонини 1,4 бараварга ошириш.
Қарорга мувофиқ, Қашқадарё вилоятида янги имконият ва ташаббусларни ишга солиш, тадбиркорлик инфратузилмасини янада яхшилаш бўйича чора-тадбирлар режаси тасдиқланди, бунда:
а) халқаро аҳамиятдаги "А-378" Самарқанд - Ғузор автомобиль йўлининг 28 км, "М-39" Тошкент-Термиз автомобиль йўлининг 38 км, давлат аҳамиятидаги "Д-150" Кўкдала - Қарши шаҳри автомобиль йўлининг 49 км қисмини қайта қуриш;
б) халқаро молия институтлари маблағларини жалб этган ҳолда 2026 йилда:
халқаро аҳамиятдаги "М-39" Тошкент-Термиз автомобиль йўлининг 1255-1315 км қисмини реконструкция қилиш;
Деҳқонобод тумани маъмурий марказининг замонавий қиёфасини шакллантириш ҳамда аҳоли яшаши учун қулай бўлган замонавий массив ташкил этиш;
Қарши ва Шаҳрисабз шаҳарлари, Китоб, Деҳқонобод ва Қамаши туманлари марказида оқова сув тармоқларини реконструкция қилиш ва қуриш;
Косой ва Муборак туманлари марказлари ҳамда Китоб-Шаҳрисабз ерости сув конидан сув олиш қувурига яқин бўлган қишлоқ аҳоли пунктларининг сув таъминоти тизимини реконструкция қилиш;
в) Қарши магистрал канали бўйлаб унинг Қарши тумани ҳудудидан ўтувчи 3 км кқисмида "Янги Насаф" экомажмуасини барпо этиш;
г) электр таъминотини яхшилаш мақсадида 460 та трансформатор пунктларини ўрнатиш ва 1 592 км электр тармоқларини янгилаш;
д) аҳолини ичимлик ва оқова сув билан таъминлаш даражасини ошириш учун 16 та иншоот ҳамда 416 км тармоқларни кўриш ва таъмирлаш назарда тутилади.
ЎзА