Бизнес вакиллари учун муҳим янгилик
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 27 августдаги “Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан VI очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига кўра, бизнес вакиллари учун қатор янги молиявий ва ташкилий механизмлар белгиланди.
Жумладан, 2026 йил 1 ноябрдан бошлаб замонавий ҳисоблагичларга (АСКУЭ ва АСКУГ) эга бизнес вакиллари учун энергия ресурслари истеъмоли бўйича олдиндан тўлов миқдори 15 фоиз этиб белгиланмоқда. Хусусан, электр ва газ учун олдиндан тўлов 15 фоизга туширилади.
Бу эса тадбиркорларимизнинг айланма маблағларини тежаш ва фаолиятини эркин юритишига хизмат қилади. Шунингдек, ёзма ҳисоботларни топшириш мажбурияти бекор қилиниб, шартномалар тўлиқ электрон шаклга ўтказилади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бизнес-омбудсман девони масъул ходими Зуфар Раззоқовнинг маълум қилишича, илгари тадбиркорлар ҳар ойда электр ва газ тўлови учун олдиндан катта миқдорда пул ўтказиб қўйишга мажбур эди. Бу эса корхонанинг эркин пул айланмасини музлатиб қўярди. Янги тартибга кўра, масофадан ўчириш ва ёқиш имкониятига эга бўлган, замонавий электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимига уланган тадбиркорлар учун олдиндан тўлов миқдори бор йўғи 15 фоиз этиб белгиланди. Ушбу имтиёз охирги 2 ой давомида тўлов интизомини бузмаган ҳалол тадбиркорларга берилади. Чекловлар ва ортиқча қоғозбозликка ҳам чек қўйилди.
Эндиликда ҳар ой электр ва газ сарфи бўйича ҳудудий корхоналарга бориб ёзма ҳисобот топшириш мажбурияти бутунлай бекор қилинди. Бу имкониятлар тадбиркорларнинг ўз маблағларини ортиқча ушлаб турмасдан тўғридан-тўғри ишлаб чиқаришни кенгайтириш, хомашё харид қилиш, ишчилар маошини ўз вақтида бериш ҳамда экспорт ҳажмини оширишга йўналтириш имконини беради.
Гулноза Бобоева,
ЎзА