Биродар шаҳарлар тарихи – фотосуратларда
Самарқандда бошланган Биродар шаҳарлар биринчи халқаро форуми доирасида “Ўзбекистоннинг биродар шаҳарлари тарихи” номли кўргазма ўтказилмоқда.
Архив материаллари асосида яратилган кўргазмада Ўзбекистон шаҳарлари билан хорижий ҳамкор шаҳарлар ўртасида ўрнатилган биродарлик муносабатларининг шаклланиш жараёни, ривожланиш босқичлари ва эришилган натижалар тарихий манбалар асосида ёритилган.
– Экспозицияда архив ҳужжатлари, расмий келишувлар, меморандумлар, тарихий суратлар, дипломатик ёзишмалар ва бошқа ноёб манбалар намойиш этилиб, шаҳарлар ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик ришталарининг йиллар давомида қандай ривожланганлиги акс эттирилган, – дейди эксперт Отабек Алимардонов. – Бу орқали Ўзбекистон шаҳарларининг дунёнинг турли мамлакатлари билан ўрнатган маданий-гуманитар, иқтисодий алоқалари, амалга оширилган қўшма лойиҳалар ҳамда халқ дипломатияси доирасидаги ташаббуслар ҳақида маълумот берилмоқда. Албатта, кўргазмада ўтган асрга оид суратлар, тарихий фактларга кенг ўрин берилган, лекин кейинги йилларда давлатимиз раҳбарининг фаол ташқи сиёсати натижасида кўплаб давлатлардаги шаҳарлар билан юртимиз шаҳарларининг биродарлашув муносабатлари ривожланиб бормоқда ва бунга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Айни пайтда бу борада суратлар, фактлар тўплаш жараёнлари давом этмоқда ва бунинг натижасида келгусида кўргазма яна ҳам бойитилади.
[gallery-30550]
“Ўзбекистоннинг биродар шаҳарлари тарихи” кўргазмаси мамлакатимиз шаҳарларининг халқаро алоқаларини акс эттирувчи муҳим тарихий платформага айланиб, келажак авлод учун дўстлик ва ҳамкорлик анъаналарини сақлаш ҳамда ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари