Биродар шаҳарлар раҳбарлари Самарқандда йиғилди
Самарқанд шаҳрида илк бор биродар шаҳарлар халқаро форуми ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмита, Биродар шаҳарлар альянси ҳамда Самарқанд вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда мамлакатимиздаги вазирлик ва идоралар, халқаро ташкилотлар масъуллари, маҳаллий ва хорижлик экспертлар, биродар шаҳарлар раҳбарлари, бизнес ҳамжамияти ҳамда жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этмоқда.

Форум “Биродар шаҳарлар – барқарор ривожланиш ва халқ дипломатиясининг янги модели” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция билан ўз ишини бошлади.
Анжуманнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмитаси раиси Қаҳрамон Сариев, вилоят ҳокими Адиз Бобоев ва бошқалар сўзга чиқиб, юртимизда илк бор ташкил этилаётган мазкур халқаро форум дунёнинг турли шаҳарлари билан савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантириш, туризм ва бошқа йўналишларда ҳамкорликда қўшма лойиҳаларни амалга оширишга хизмат қилишини таъкидладилар.
Бугунги кунда шаҳарлар иқтисодий тараққиёт, инвестициялар, инновациялар, туризм ва маданий алмашинувнинг муҳим марказларига айланмоқда. Нуфузли анжуман дунёнинг турли мамлакатлари ва шаҳарлари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, халқ дипломатиясини ривожлантириш ҳамда ўзаро ишонч ва дўстликни мустаҳкамлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.


Форум доирасида халқаро илмий-амалий конференция, B2B ва B2G учрашувлари, инвестиция тақдимотлари, кўргазмалар ҳамда ҳамкорлик битимларини имзолаш маросимлари ўтказилиши режалаштирилган.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари