Бирлашиб, буюк тарих яратамиз: “Маърифат карвони” старт олди
Ватанимиз мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тантанали байрам тадбирини халқимиз ва хорижий меҳмонлар катта қизиқиш ва эътибор билан кузатди. Ушбу тантаналар мамлакатимизнинг истиқлол йилларидаги, айниқса, кейинги янгиланиш йиллари давомидаги тараққиёт одимларини кўрсатиб бергани билан аҳамиятли бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимиз давлат мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида илгари сурилган ғоя ва ташаббусларни кенг жамоатчиликка етказиш, келгуси тараққиётнинг устувор вазифаларини жойларда кенг тарғиб қилиш мақсадида “Бирлашиб, буюк тарих яратамиз” мавзусидаги “Маърифат карвони” илмий-маърифий лойиҳасига старт берилди.

Лойиҳа Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти ҳамда “Маърифат” тарғиботчилар жамияти ҳамкорлигида ташкил этилмоқда.

Жорий йилнинг сентябрь–декабрь ойларида мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ўтказиладиган тадбирлар доирасида давлат хизматчилари, “маҳалла еттилиги”, ҳожилар, оқила аёллар, нуронийлар, педагоглар, ёшлар ва кенг жамоатчилик вакиллари билан учрашувлар ташкил этилади.

“Маърифат карвони”нинг асосий мақсади Президент нутқида белгиланган стратегик вазифаларни аҳолига содда, халқчил ва ҳаётий мисоллар асосида тушунтириш, ислоҳотларнинг инсон ҳаётидаги амалий аҳамиятини очиб бериш ва жамиятда дахлдорлик ҳиссини кучайтиришдан иборат.

Президент нутқида Ўзбекистон тараққиётининг келгуси ўн йиллиги “Миллий юксалиш ўн йиллиги” сифатида белгилаб берилди. Унда миллий юксалишга, аввало, халқимизнинг ақл-заковати, меҳнати ва бирдамлиги орқали эришиш ғояси илгари сурилди. Шу мақсадда инсон қадрини янада юксалтиришга қаратилган 7 та миллий дастурни амалга ошириш белгиланди.

Мазкур дастурлар таълим ва касб-ҳунар, аҳоли саломатлиги, юқори технологияларга асосланган иқтисодиёт, сув ва экология, қонун устуворлиги ва суд мустақиллиги, маҳалла тараққиёти ҳамда Ўзбекистоннинг тинчлик ва дўстлик диёри сифатидаги нуфузини янада юксалтириш каби муҳим йўналишларни қамраб олади.

“Маърифат карвони” тадбирларида ушбу вазифаларнинг мазмун-моҳияти билан бир қаторда тарихий мерос ва миллий ўзликни асраш, ёшларни қўллаб-қувватлаш, илм-фан ва таълимни ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини ошириш, экологик барқарорликни таъминлаш, қонун устуворлигини мустаҳкамлаш ҳамда тинчлик ва ҳамжиҳатликни асраш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади.
“Бирлашиб, буюк тарих яратамиз” ғояси асосида ўтказиладиган “Маърифат карвони” тадбирлари юртимизнинг барча ҳудудларида маърифий мулоқотларни янги босқичга олиб чиқиш, ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш ва миллий юксалиш мақсадлари атрофида жамият бирдамлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Н.Усмонова,
ЎзА