Буюк тарих — бирдамликдан бошланади
Сайхунобод туманида мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида юртимиз тараққиётининг бугунги босқичи, амалга оширилаётган ислоҳотлар ва жамият олдида турган устувор вазифаларни кенг жамоатчиликка етказишга қаратилган «Бирлашиб, буюк тарих яратамиз» мавзусида «Маърифат карвони» илмий-маърифий семинари ўтказилди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мустақилликнинг 35 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида илгари сурилган ғоя ва ташаббусларнинг мазмун-моҳиятига алоҳида тўхталиб ўтилди.

Семинарда Гулистон давлат университети профессори Равшанбек Маҳмудов, университетнинг Тарих кафедраси катта ўқитувчиси Умурзоқ Алибеков, Сирдарё вилояти адлия бошқармаси ҳуқуқий ахборот бўйича бош маслаҳатчиси, Тарғиботчилар жамияти аъзоси Дилноз Умурзоқова, шунингдек, корхона ва ташкилотларнинг маънавий-маърифий ишларга масъул ходимлари ҳамда умумтаълим мактаблари директорларининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари иштирок этишди.

Мулоқотларда мустақиллик йилларида мамлакатимизда амалга оширилган кенг кўламли ўзгаришлар, уларнинг аҳоли ҳаётидаги амалий натижалари, Янги Ўзбекистонни барпо этиш борасидаги ислоҳотлар ҳамда тараққиётнинг бугунги босқичидаги устувор вазифалар ҳақида сўз юритилди.

Шунингдек, ёшларда ватанпарварлик, дахлдорлик ва фаол фуқаролик позициясини шакллантириш, уларни юрт тақдирига дахлдорлик руҳида тарбиялашда маънавий-маърифий ишларнинг ўрни хусусида фикрлар билдирилди.

Тадбирнинг амалий қисмида тарғиботчиларнинг ҳудудларда илмий-маърифий тадбирларни самарали ташкил этиш кўникмаларини оширишга қаратилган машғулотлар ўтказилди. Аудитория билан мулоқот ўрнатиш, турли ёш ва ижтимоий гуруҳлар билан ишлаш, мураккаб мавзуларни содда ва тушунарли тарзда етказиш, замонавий усул ва ёндашувлардан фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди.

Маънавий-маърифий ишларни фақат тадбирлар ўтказиш билан чеклаб қўймасдан, аҳоли ва ёшларни қизиқтирган масалалар билан уйғунлаштириш, жойлардаги муаммоларни ўрганиш ва тушунтириш ишларини манзилли ташкил этиш зарурлиги таъкидланди.

«Маърифат карвони»нинг Сайхунободдаги учрашуви иштирокчилар учун мамлакат тараққиётининг бугунги босқичи ҳақида фикр алмашиш билан бирга, маънавий-маърифий тарғибот ишларини замонавий талаблар асосида ташкил этиш бўйича тажриба алмашиш майдони бўлди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири