Ўзбекистон Президентининг Туркияга расмий ташрифи чоғида икки мамлакат Биринчи хонимлари – Зироат Мирзиёева ва Эмине Эрдоған қатор маданий тадбирларда иштирок этди.
Биринчи хонимлар Туркия Республикаси Президенти ҳузуридаги Халқ кутубхонасида бўлди. 2020 йилда унинг тантанали очилиш маросимида Шавкат Мирзиёев ва Зироат Мирзиёева фахрий меҳмон бўлган эди.
Бу галги ташриф чоғида кутубхона бўйлаб саёҳат ўтказилди. 11 қаватли ушбу маҳобатли мажмуа марказий вестибюл, ўқув заллари, архив ва лабораториялар, кўргазма жойлари, кафетерийларни ўз ичига олган. Унинг фонди 4 миллион китоб ва 700 минг даврий нашрлардан иборат.
Танишув асносида Зироат Мирзиёева ва Эмине Эрдоған бир-бирига китоблар совға қилди.
Меҳмонлар шарафига кутубхонада амалий санъат кўргазмаси ҳам ташкил этилган. Ўзбекистон ва Туркиянинг Биринчи хонимлари ушбу кўргазмани кўздан кечирди. Халқларимизнинг маданий илдизларини намоён этувчи анъаналар ва ҳунармандчилик буюмлари барчада ёрқин таассурот қолдирди.
Туркия Республикасига асос солинганининг 100 йиллиги муносабати билан кутубхонада Фотиҳ Султон Меҳмедга бағишланган кўргазма ташкил этилган. Зироат Мирзиёева уни қизиқиш билан томоша қилди.
Кўргазмада Султоннинг қиличлари, зирҳи, чакмонлари ва ўша давр тарихига оид кўплаб осори-атиқалар бор. Улар Меҳмеднинг болалиги, ҳукмронлик даври, Истанбулни забт этиши, илмий ҳаёти ҳақида ҳикоя қилади.
Биринчи хонимлар миллий либослар ва гиламлар намойишини ҳам кўрди. Унда Туркия ҳудудларининг ўзига хос анъаналари, тўқимачилик услублари, матолар ва рамзлар ҳақида сўзлаб берилди.
Маданий тадбирлардан сўнг, Зироат Мирзиёева ва Эмине Эрдоған икки томонлама учрашув ўтказди. Мулоқотда халқларимиз ўртасидаги маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш, туризм, экология, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларида тажриба алмашиш муҳимлиги таъкидланди.
Биринчи хонимлар учрашуви, ҳар доимгидек, самимий ва дўстона руҳда ўтди.
ЎзА