Темурийлар даври санъати танлови ғолиблари кўргазмада намойиш этилди
Темурийлар даври тарихини ўрганиш бўйича танлов якунида Ўзбекистон Бадиий академияси кўргазма очди. Унда 9 нафар рассомнинг буюк аждодлар сиймоси ва тарихий воқеаларни акс эттирган асарлари намойиш этилмоқда.
Мазкур танлов-кўргазмада тарихий жанрда самарали ижод қилиб келаётган 9 нафар маҳоратли рассомнинг 20 га яқин дастгоҳли ва маҳобатли рангтасвир асарларини ўзида мужассам этган. Экспозициядан ўрин олган асарларда халқимизнинг бой тарихий мероси, миллий давлатчилик анъаналари, буюк тарихий шахслар сиймоси ҳамда муҳим тарихий воқеа-ҳодисалар бадиий талқин этилган. Биринчи ўрин Масъуд Холов, иккинчи ўрин Дилшод Азизов, учинчи ўрин Мирали Маҳмудовлар муносиб кўрилди. Қолган иштирокчилар эса рағбатлантирувчи мукофотлар билан тақдирланди. Хушрўя (Азиза) Маматова энг яхши композиция, Анастасия Тиллаева энг яхши рангтасвир асари, Омад Исоқов энг яхши ғоя муаллифи.
[gallery-32436]
Рассомлар томонидан тарихий ҳақиқат ва бадиий тафаккур уйғунлигида яратилган композицияларда давр руҳи, тарихий муҳит, образларнинг характер хусусиятлари ва воқеаларнинг мазмун-моҳияти маҳорат билан очиб берилган. Айниқса, тарихий шахслар сиймосининг психологик талқини, образлар ўртасидаги композицион муносабатлар, макон ва замон уйғунлиги асарларнинг таъсирчанлигини ошириб, уларнинг ҳаётийлиги ва тарихий ишончлилигини таъминлайди.
— Масъуд Холов менинг энг севимли ёш рассомларимдан бири. Унинг ижодини анчадан бери кузатиб келаман. Айниқса, Темурийлар даврига оид асарлари менда катта таассурот уйғотади. У тарихий образлар орқали қалбимиздаги кечинмаларни маҳорат билан тасвирлайди, – деди Шоира Орипова.
Кўргазмада намойиш этилаётган ижодий ишларда тарихий воқеликни ҳаққоний акс эттириш билан бир қаторда, рассомларнинг индивидуал бадиий услуби, рангтасвир техникаси, композицион ечимлари ва фалсафий мушоҳадалари ҳам яққол намоён бўлган.
— Масъуд Холов ўз Ватанини севадиган, миллий қадриятларимиз ва буюк аждодларимизга чексиз ҳурмат билан қарайдиган ижодкор. Бу туйғулар унинг асарларида яққол акс этади. Унинг ижоди ёш авлодда тарихимизга ҳурмат, миллий ғурур ва Ватанга муҳаббат туйғуларини кучайтиради. Келгуси кўргазмаларда Турон заминида яшаб, Ватан равнақи учун хизмат қилган буюк аждодларимиз портретларини ҳам кўришни истардим, деди — кинорежиссиёр, дубляж актёри Сайфиддин Файзиев.
— Танлов асосан Амир Темур ва Темурийларнинг ушбу ҳудуддаги туркий давлатлар тарихида тутган ўрни ҳамда қолдирган изи билан боғлиқ. Кўргазмада асосан ёш ижодкорлар иштирок этди. Шунингдек, ижодини Амир Темур ва Темурийлар тарихига бағишлаган рассомлар ҳам бор. Мен ҳам ўз асарларим билан танловда қатнашдим. Миниатюра санъати асарларидан илҳомланиб, Алишер Навоий бобомизнинг “Хамса” асарига бағишланган “Лайли ва Мажнун” номли учлик асаримни тақдим этдим. Танловда ишлар холисона баҳоланди. Тасвирий санъатнинг ўзига хос жиҳати шундаки, унда ҳамма нарса кўз ўнгида намоён бўлади. Ҳеч қандай сохталик йўқ, ҳар бир ижодкорнинг маҳорати ва меҳнатини томошабинлар ўзлари кўриб, баҳолашлари мумкин, — деди рассом Мирали Маҳмудов.
— Мен ушбу танловда еттита асарим билан иштирок этдим. Кўргазма беш кун давом этади. “Тарих нима учун керак?” деган саволни берадиганларга ўз фикримни билдирмоқчиман. Биз тарихни китоб ўқиш, санъат асарларини томоша қилиш ёки кино орқали ҳис этамиз. Бу эса инсонда миллий ўзликни англаш ва ғурур туйғусини шакллантиради.
Инсон қаерда бўлмасин, қайси соҳада фаолият юритмасин, қалбида миллий ғурур ва ўзлик туйғуси мустаҳкам бўлса, у ўз қадриятларига хиёнат қилмайди, ор-номусини асрайди. Миллий ғурурни уйғотиш эса, аввало, тарихни англашдан бошланади.
Шу боис тарихда из қолдирган қаҳрамонларимиз, буюк тарихий шахсларимизнинг жасорати, адолати ва юксак фазилатларини санъат орқали тасвирлаб, кейинги авлодга ўрнак сифатида етказишимиз керак. Тарихни ўрганиш нафақат ўтмишни билиш, балки аждодларимиз йўл қўйган хатолардан сабоқ чиқариб, келажакда уларни такрорламаслик учун ҳам муҳим, — деди рассом Масъуд Холов.
Мазкур экспозиция тарихий хотирани асраш, миллий ўзликни англаш, аждодлар меросига ҳурмат туйғусини мустаҳкамлаш ҳамда тарихий рангтасвир жанрининг замонавий тасвирий санъатдаги бадиий-эстетик аҳамиятини намойиш этишга хизмат қилади.
Мунира Рамазонова
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, санъатшунос