Бугун, 18 октябрь куни Хитой пойтахти Пекин шаҳрида бўлиб ўтаётган “Бир макон, бир йўл” учинчи халқаро форуми доирасида саммитга келган делегациялар раҳбарларининг рафиқалари иштирокидаги тадбирлар ҳам бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг рафиқаси Зироат Мирзиёева Хитой Халқ Республикаси Раисининг рафиқаси Пэн Лиюань ҳамроҳлигида ҳамда бошқа делегациялар раҳбарларининг рафиқалари билан биргаликда Хитой санъат ва ҳунармандчилик миллий музейига ташриф буюрди.
Бу музейга 1990 йилда асос солинган, 2021 йилда унинг учун янги бино барпо этилган. Музей Хитойнинг қадимий ва ҳозирги амалий ҳунармандчилигининг турли йўналишларини ўзида ифода этади. Жумладан, бу ерда бадиий кулолчилик, каштачилик, фил суяги, нефрит, ёғоч ва тош ўймакорлиги, тилла, кумуш ва мисдан ясалган заргарлик буюмлари, расмли вазалар ва халқ буюмларининг бой коллекцияси мавжуд.
Президентимизнинг рафиқаси Зироат Мирзиёева биринчи хонимлар билан бирга ушбу экспонатларни кўздан кечирди. Уларга Хитой ҳунармандчилиги тарихи, буюмларда ифодаланган нақшлар ва рамзлар ҳақида сўзлаб берилди.
Шундан сўнг хонимлар Хитой халқ операси намуналаридан иборат концерт дастурини томоша қилишди. Унда табиат гўзаллиги, тинчлик ва эзгулик, халқлар ўртасидаги дўстлик туйғулари нафис куй ва рақслар уйғунлигида ифодаланди.
Биринчи хонимлар концерт ижрочилари билан бирга суратларга тушди.
Учрашув ҳар доимгидек илиқ ва самимий муҳитда ўтди.
ЎзА