Хитой анъанавий санъати билан яқиндан танишув (+видео)
Маданиятни англаш учун баъзан биргина мусиқа садоси, ҳунарманд қўлларида яратилган буюм ёки қадимий санъат намунаси билан танишиш кифоя. Зеро, халқнинг тарихи, дунёқараши ва қадриятлари унинг анъанавий ҳунармандчилигида ҳам намоён бўлади.
10 ноябрь куни Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон оммавий ахборот воситалари вакиллари Хитойнинг Шинжон-Уйғур автоном районидаги Карамой шаҳри маданият марказига ташриф буюриб, мамлакатнинг анъанавий санъати ва номоддий маданий мероси билан танишди.
Марказнинг номоддий маданий мерос кўргазма залида меҳмонларни лойдан ясалган цзиша номли ҳуштак-окаринанинг ёқимли садолари қаршилади. Халқ усталари томонидан яратилган сопол ҳайкалчалар, анъанавий қоғоз қирқма санъати намуналари ва бахмалдан тайёрланган гуллар Хитой халқ амалий санъатининг ўзига хослиги, ранг-баранглиги ҳақида тасаввур берди.
Ташриф давомида журналистлар нафақат кўргазма намуналарини томоша қилди, балки ҳунармандларнинг иш жараёнини ҳам яқиндан кузатди. Уларнинг ҳар бир ҳаракати, буюмларга шакл ва нафосат бағишлаш маҳорати меҳмонларда қизиқиш уйғотди. Интерактив майдонда эса иштирокчилар ўзлари ҳам халқ ҳунармандчилиги намуналарини яратиб кўриш имконига эга бўлди.
Шу тариқа, маданият марказига ташриф оддий кўргазма томошасидан ўзига хос ижодий мулоқотга айланди. Марказий Осиёлик журналистлар Хитойнинг анъанавий санъатини нафақат кўз билан кўриб, балки унинг айрим намуналарини ўз қўллари билан яратиш орқали ҳам ҳис этиш имконига эга бўлди.
Бундай учрашувлар халқлар маданияти ва қадриятларини ўзаро англаш, мамлакатлар ўртасидаги дўстона алоқаларни маданий мулоқот орқали бойитишга хизмат қилади.
Нилуфар Бозорова, ЎзА