“Бир Ватан, бир эл, бир байроқ!” эстафетаси Ватанга муҳаббат, юртга садоқат рамзи
18 ноябрь – Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинган кун муносабати билан мамлакатимиз бўйлаб ўтказилаётган “Бир Ватан, бир эл, бир байроқ!” шиори остидаги байроқ эстафетаси Сурхондарё вилоятида юқори савияда ташкил этилди.
Эстафета доирасида жанубдаги воҳа туманларидан осмон узра ҳилпираб, йўлга чиққан муқаддас Давлат байроғимиз Бойсун туманида тантанали кутиб олинди.

Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда республика маънавият ва маърифат маркази туман бўлими, маданият ва санъат ходимлари, ҳарбийлар, ёшлар, кенг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.

Фахр-ифтихор ва ғурур тимсоли бўлган байроғимиз баланд кўтарилиб, Ватанга садоқат, юртга муҳаббат, бирлик ва бирдамлик ғоялари улуғланди. Давлатимиз байроғи мустақиллик, озод ва обод Ватан рамзи, фахр-ифтихор ва миллий ғуруримиз тимсоли экани намойиш этилди.

Эстафета сурхондарёликларни “Бир Ватан, бир эл, бир байроқ!” ғояси атрофида жамлаб, бунёдкор элимизнинг қудратли, катта куч эканини гавдалантирди. Ёшу кекса қалбида миллий ифтихор, ғурур ва Ватанга муҳаббат туйғуларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.

Тадбир якунида Давлат байроғи карвони Сурхондарё вилоятидан қўшни Қашқадарё вилоятига тантанали топширилди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири