Бир лаҳзалик эътиборсизлик – бир умрлик пушаймонлик
Қашқадарёда куз-қиш мавсумини хавфсиз ўтказиш, ёнғин ва ис газидан заҳарланишнинг олдини олиш борасида қандай ишлар амалга оширилмоқда?
Кунлар совиб, иситиш мавсуми бошланиши билан хонадонларда газ ва электр жиҳозларидан фойдаланиш кўпаяди. Табиийки, бу даврда қулайлик ва иссиқлик билан бир қаторда хавфсизлик масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратиш зарур. Зеро, носоз иситиш мосламаси, ўз вақтида тозаланмаган дудбурон ёки оддий эътиборсизлик инсон ҳаётига таҳдид солиши мумкин. Айниқса, рангсиз ва ҳидсиз бўлган ис газининг сезилмасдан тарқалиши хавфни янада оширади. Шу боис куз-қиш мавсумини беталафот ўтказиш масъул ташкилотлар олдидаги вазифа бўлиш билан бирга, ҳар бир хонадон соҳибидан ҳам ҳушёрлик ва масъулият талаб этади. Қашқадарё вилоятида мавсумга тайёргарлик доирасида аҳоли хонадонлари, ижтимоий соҳа объектлари ҳамда алоҳида эътиборга муҳтож фуқаролар яшаш манзилларида хавфсизликни таъминлашга қаратилган профилактик тадбирлар амалга оширилмоқда.
– Куз-қиш мавсумида асосий эътибор фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, аҳоли хавфсизлигини таъминлаш ва мавжуд хатарларни барвақт аниқлашга қаратилган. Шу мақсадда вилоятимиздаги кўп қаватли уйлар ва аҳоли хонадонларида ўрганиш ҳамда тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Жумладан, 70 минг 925 та хонадон ўрганилиб, 237 минг 150 та хонадонда тарғибот тадбирлари ташкил этилди. Шунингдек, минглаб хонадонларга газ анализаторлари, тутун ва ис газини аниқловчи сезгичлар ўрнатилди. Бу воситалар хавфни эрта аниқлаш ва инсонлар ҳаётини асрашда муҳим аҳамиятга эга, – дейди вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Соҳиб Войитов.
Албатта, техник воситаларнинг ўрнатилиши хавфсизликни таъминлашда муҳим омил. Бироқ бунинг ўзи кифоя эмас. Иситиш мосламаларини соз ҳолатда сақлаш, дудбурон ва шамоллатиш тизимларини мунтазам текшириш, газ ҳамда электр жиҳозларидан белгиланган тартибда фойдаланиш ҳам ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Мавсумга тайёргарликда ижтимоий соҳа объектлари хавфсизлиги ҳам алоҳида ўрин тутади. Чунки таълим, тиббиёт ва бошқа муассасалардаги муҳандислик коммуникацияларининг ҳолати, иситиш тизимларининг созлиги кўплаб инсонларнинг ҳаёти ва саломатлиги билан бевосита боғлиқ.
Шу мақсадда вилоятда 158 та инсонлар тунаб қоладиган объект, 358 та даволаш-профилактика муассасаси, 3 та олий таълим муассасаси, 496 та мактабгача ва мактаб таълими ташкилоти ҳамда 1 минг 239 та умумтаълим мактабида қайта текширувлар ўтказилди.
Ўрганишлар давомида жами 14 минг 284 та камчилик аниқланиб, уларнинг 84 фоизи бартараф этилди. Шунингдек, масъул ходимларнинг билим ва амалий кўникмаларини ошириш мақсадида 223 маротаба семинар ва учрашув ўтказилиб, уларда 5 минг 575 нафар ишчи-хизматчи иштирок этди.
Аниқланган камчиликларнинг асосий қисми бартараф этилгани ижобий натижа. Бироқ қолган муаммоларни ҳам тўлиқ ҳал этиш, айниқса, одамлар доимий истиқомат қиладиган ва хизмат кўрсатиладиган муассасаларда ёнғин хавфсизлиги талабларига қатъий риоя этилишини таъминлаш муҳим.
Бу борада ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламининг яшаш шароитини ўрганиш ҳам эътибордан четда қолмаяпти. Зеро, ёлғиз яшовчи кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва ўзгалар кўмагига муҳтож фуқароларнинг хонадонларидаги иситиш мосламалари, газ ва электр жиҳозларининг ҳолати мунтазам назоратга муҳтож.
Маҳалла еттилиги билан ҳамкорликда олиб борилаётган ўрганишлар доирасида бугунги кунга қадар 1 минг 701 нафар фуқаронинг хонадони қамраб олинди. Уларда иситиш ускуналари, электр ва газ жиҳозлари, дудбурон ҳамда шамоллатиш тизимларининг техник ҳолати текширилмоқда.
Бироқ амалга оширилаётган профилактик тадбирларнинг аҳамиятини ис газидан заҳарланиш билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар статистикаси янада яққол намоён этади.
Таҳлилларга кўра, Қашқадарё вилоятида 2024 йилда ис газидан заҳарланиш билан боғлиқ 2 та ҳолат қайд этилиб, 4 нафар фуқаро вафот этган, 5 нафари заҳарланган. 2025 йилда 1 та ҳолат оқибатида 1 нафар инсон ҳаётдан кўз юмган, яна бир фуқаро заҳарланган. 2026 йилнинг ўтган даврида эса 1 та ҳолатда 3 нафар фуқаро вафот этган.
Бу рақамлар шунчаки статистика эмас. Уларнинг ортида инсон ҳаёти, оилавий фожиа ва яқинлар қалбида қолган оғир изтироб бор. Энг ачинарлиси, бундай ҳодисаларнинг олдини оддий эҳтиёт чораларига амал қилиш орқали олиш мумкин.
– Ис газидан заҳарланиш ҳолатларининг асосий сабабларидан бири хавфсизлик қоидаларига бепарво муносабатда бўлишдир. Дудбуронларнинг ўз вақтида тозаланмаслиги, қўлбола иситиш мосламаларидан фойдаланиш, хоналарда ҳаво алмашинувининг етарли эмаслиги жиддий хавф туғдиради. Ис газининг ҳиди ҳам, ранги ҳам бўлмагани учун уни инсон сезмаслиги мумкин. Шунинг учун иситиш ускуналарини мавсум бошланишидан олдин мутахассисларга текширтириш, носоз жиҳозлардан фойдаланмаслик ва хавфсизлик талабларига қатъий амал қилиш зарур, – дейди Соҳиб Войитов.
Муаммо фақат аҳоли хонадонларидаги иситиш мосламалари билан чекланмайди. Газ-ҳаво аралашмаси чақнаши билан боғлиқ ҳодисаларга табиий газ тармоқларига ўз вақтида техник хизмат кўрсатилмаслиги, ер ости қувурларининг эскириши, газ ускуналарининг носозлиги ва суюлтирилган газ баллонларидан фойдаланишда хавфсизлик талабларига риоя этмаслик ҳам сабаб бўлмоқда. Демак, профилактика ишлари аҳоли огоҳлигини ошириш билан бирга, муҳандислик тармоқлари ва ускуналарнинг техник ҳолатини назорат қилишни ҳам қамраб олиши лозим.
Таъкидлаш жоизки, жорий йилнинг 1-30 ноябрь кунлари мамлакатимиз бўйлаб “Энергия ресурсларидан хавфсиз фойдаланиш ойлиги” ўтказилмоқда. Унинг доирасида аҳоли хонадонлари, ижтимоий соҳа объектлари, корхона ва ташкилотларда табиий газ, электр энергияси ҳамда бошқа энергия ресурсларидан хавфсиз фойдаланиш бўйича профилактик тадбирлар, тарғибот учрашувлари ва тушунтириш ишлари кучайтирилади.
Ойликнинг асосий мақсади мавсумий тадбирлар билан чекланиб қолмасдан, аҳолида энергия ресурсларидан хавфсиз ва оқилона фойдаланиш маданиятини шакллантириш, мавжуд муаммоларни аниқлаш ҳамда бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олишдан иборат.
Бу жараёнда масъул ташкилотлар, маҳалла фаоллари, таълим муассасалари ва иш берувчилар билан бир қаторда оммавий ахборот воситалари ҳам муҳим ўрин тутади. Айниқса, хавфсизлик қоидаларини аҳолига содда, тушунарли ва таъсирчан тарзда етказиш, бепарволикнинг аянчли оқибатларини аниқ мисоллар билан кўрсатиш профилактика ишларининг самарадорлигини оширади.
Хулоса шуки, куз-қиш мавсумини хавфсиз ўтказиш фақат масъул идораларнинг саъй-ҳаракатларига боғлиқ эмас. Бу ҳар биримизнинг кундалик масъулиятимиздир. Иситиш мосламаларини текширтириш, дудбуронларни тозалаш, хонада ҳаво алмашинувини таъминлаш, носоз газ ва электр жиҳозларидан фойдаланмаслик инсон ҳаётини асрашга хизмат қиладиган оддий, аммо муҳим қоидалардир.
Зеро, хавфсизликка бепарво қарашнинг баҳоси жуда қимматга тушиши мумкин. Бир лаҳзалик эътиборсизлик эса бир умрлик пушаймонликка айланмаслиги керак.
Ўлмас Баротов,
ЎзА мухбири