Бир байроқ ва эзгу мақсадлар атрофида жипслашган Ўзбекистон халқи
Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинганининг 35 йиллиги муносабати билан мамлакатимиз бўйлаб «Бир байроқ остида» шиори остидаги республика эстафетаси ташкил этилди.
Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳамда қатор ҳамкор ташкилотлар ташаббуси билан 11–18 ноябрь кунлари ўтказилган мазкур эстафета халқимизни, айниқса, ёшларни Ватанга муҳаббат, садоқат ва миллий ғурур туйғулари атрофида бирлаштиришга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди.
Эстафетанинг ўзига хос жиҳати шундаки, рамзий байроқлар мамлакатимизнинг барча ҳудудларини қамраб олган уч йўналиш бўйлаб пойтахт сари йўл олди.
Ғарбий йўналиш Нукус шаҳридан бошланиб, Хоразм, Бухоро, Навоий, Жиззах, Сирдарё ва Тошкент вилоятлари орқали ҳаракатланди.
Жанубий йўналиш Термиз шаҳридан бошланиб, Қашқадарё ва Самарқанд вилоятларини қамраб олди.
Шарқий йўналиш эса Андижондан бошланиб, Фарғона, Наманган ва Тошкент вилояти орқали пойтахтга қараб йўл олди.
Эстафета давомида ҳудудларда рамзий байроқларни тантанали топшириш маросимлари бўлиб ўтди. Бу жараёнлар юртдошларимизнинг Ватанга бўлган меҳри, миллий бирлиги ва умумий мақсадлар йўлидаги ҳамжиҳатлигини намоён этувчи эзгу ташаббусга айлангани эътиборга моликдир.
Уч йўналиш бўйлаб жами 2440 километр масофани босиб ўтган рамзий байроқлар 18 ноябрь куни Тошкент шаҳрида ягона байроқ остида бирлашди.
Эстафетанинг якуний тантанали тадбири пойтахтимиздаги «Халқлар дўстлиги» саройи майдонида бўлиб ўтди.
[gallery-32601]
Байрам дастури ҳам ўзига хос ва унутилмас лаҳзаларга бой бўлди. Хусусан, давлатимиз байроғи вертолёт орқали осмон узра намойиш этилди. Шунингдек, замонавий технологиялар асосида бетакрор шоу ташкил этилди.
Шубҳасиз, бу манзаралар байрам иштирокчиларига кўтаринки кайфият бағишлаб, қалбларда Ватанга муҳаббат ва миллий ифтихор туйғуларини янада мустаҳкамлайди.
Энг муҳими, «Бир байроқ остида» эстафетаси оддий байрам тадбиридан кўра кенгроқ мазмун касб этмоқда. У мамлакатимизнинг турли ҳудудларида яшаётган юртдошларимизни ягона Ватан, ягона мақсад ва умумий қадриятлар атрофида бирлаштираётган умуммиллий ватанпарварлик ташаббусидир.
Зеро, Давлат байроғи — шунчаки рамз эмас. У мустақиллигимиз, миллий ўзлигимиз, халқимиз шаъни ва ғурурининг ифодаси. Унда юртимизнинг бугуни, келажаги ва эртанги кунга бўлган ишончи мужассам.
Н.Усмонова, А.Алижонов (суратлар), ЎзА