BIOME: Ўзбекистонда жаҳон даражасидаги ҳужайра технологиялари маркази барпо этилади
14 сентябрь куни Сеул шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Корея Республикаси Президенти Ли Чже Мён ҳузурида Ўзбекистонда янги BIOME марказини ташкил этиш бўйича меморандум имзоланди.
BIOME ғояси Фанлар академиясининг Илғор технологиялар марказида туғилган ва уни амалга ошириш ишлари шу ерда бошланган. Меморандумнинг имзоланиши лойиҳани янги босқичга олиб чиқиб, жаҳон даражасидаги замонавий инфратузилмани яратиш учун кенг имкониятлар очади.
BIOME — ҳужайралар, геномлар ва биотиббий маълумотларни ягона тизимда бирлаштирадиган келажак тиббиёти экотизимидир. Ҳужайра технологиялари дори ҳақидаги тасаввуримизни ўзгартирмоқда: муайян хусусият ва вазифаларга эга тирик ҳужайраларнинг ўзи даволаш воситасига айланиши мумкин. Бу ўсмаларга қарши курашиш, шикастланган тўқималарни тиклаш ҳамда мавжуд усуллар етарли бўлмаган касалликларни даволаш учун янги имкониятлар яратади. Бундай технологияларни ривожлантириш учун сифатли ҳужайра материали, уни чуқур ўрганиш, замонавий лабораториялар, катта ҳажмдаги маълумотларни таҳлил қилиш, ишлаб чиқариш қувватлари ва клиникалар билан ҳамкорлик зарур. BIOME айнан шу тизимни яратади.
Ҳужайралар — лойиҳанинг биологик асоси. Биобанк ҳужайра материаллари ва ҳужайра линияларини шакллантиради, ўрганади ва сақлайди. Улар янги ҳужайра маҳсулотларини яратиш учун асосий ресурс бўлиб хизмат қилади. Геномлар — ҳужайраларни чуқур англаш имконияти. Геном технологиялари ҳужайра линияларининг ўзига хос хусусиятлари, барқарорлиги ва хавфсизлигини баҳолашга ёрдам беради. Маълумотлар эса бутун тизимни бирлаштиради. Биоинформатика ва сунъий интеллект ҳужайралар ҳақидаги маълумотларни тадқиқот ва синов натижалари билан таққослаб, тиббиёт учун янги ечимларни топиш имконини беради. Шунинг учун BIOME’ни шунчаки генетик маълумотлар базаси деб аташ унинг моҳиятини жуда торайтиради. BIOME — ҳужайра ва илмий ғоядан бошлаб, тайёр ҳужайра маҳсулотини ишлаб чиқариш ва клиникада қўллашгача бўлган тўлиқ жараённи қамраб оладиган ягона технологик платформа. Бундан асосий мақсади — Ўзбекистонни илғор ишланмалар яратиладиган, ишлаб чиқариладиган ва беморларни даволашда қўлланиладиган ҳужайра технологиялари ва ҳужайра терапиясининг жаҳон марказларидан бирига айлантириш.
Маълумот учун: Фанлар академиясининг Илғор технологиялар марказида BIOME лойиҳасини амалга ошириш учун зарур илмий-технологик база аллақачон шакллантирилган. Бу ерда Ўзбекистондаги биринчи илдиз ҳужайралар банки фаолият юритмоқда ва унда 1200 дан ортиқ намуна сақланмоқда. Марказда яратилган ҳужайра маҳсулотлари куйиш жароҳатларини даволаш ва тўқималарни тиклашда, юз-жағ жарроҳлиги ҳамда офтальмологияда қўлланилмоқда. Шунингдек, онкологик касалликларга қарши курашиш учун NK-ҳужайралар асосида препарат яратилган ва уни амалиётга жорий этишга тайёргарлик кўрилмоқда.
Марказ фаолиятининг яна бир йирик йўналиши — “Ўзбекистоннинг 1000 геноми” лойиҳаси. 1200 дан ортиқ иштирокчига оид қарийб 10 миллион генетик маркер мамлакат аҳолисининг генетик харитасини яратиш учун асос бўлмоқда. Бу ирсий хусусиятларни ўрганиш, касалликлар хавфини олдиндан баҳолаш ва шахсийлаштирилган тиббиётни ривожлантириш учун ноёб миллий ресурсдир. Шу тариқа, Фанлар академиясида BIOME’нинг асосий йўналишлари — ҳужайра технологиялари, геном тадқиқотлари ва клиник тиббиёт бирлашган. Янги марказ тўпланган илмий салоҳият ва технологияларни ягона инфратузилма асосида ривожлантириш ҳамда тадқиқот ва ишланмалар кўламини сезиларли даражада кенгайтириш имконини беради.
Муҳайё Турдалиева, ЎзА