Ижтимоий тармоқларда кеча юз берган зилзила оқибатида Тошкент шаҳрида жойлашган кўп қаватли биноларнинг фасад қисмига зарар етгани юзасидан видео тарқалган эди.
Мазкур ҳолат юзасидан Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ахборот хизмати расмий муносабат билдирди.
Маълум бўлишича, Яшнобод туманида жойлашган "First Developing Group" МЧЖ га тегишли объектларнинг бирига ғишт ишлаб чиқарувчи "Stone brick" МЧЖ томонидан сифатсиз ғишт маҳсулотлари етказиб берилган. Натижада, шундай ҳолат юзага келган.
Ҳозирда буюртмачи томонидан суд органларига етказилган зарарни қоплаш мақсадида даъво аризаси киритилган. Бинонинг фасад қисмини таъмирлаш ишлари эса апрель ойида тўлиқ якунланиши белгилаб олинган.
Шунингдек, хабарда, вазирликнинг "1298" ишонч рақамига айни кунларда зилзила оқибатида вайрон бўлган ёки зарар етказилган бинолар ҳақида мурожаат келиб тушмагани маълум қилинган.
ЎзА