
Бугун Ўзбекистонда қурилаётган кўп қаватли биноларнинг мустаҳкамлиги талабга жавоб берадими? Улар неча балли зилзилага бардош бериши мумкин? Бу борада олимлар қандай изланишлар олиб боряпти?
ЎзА мухбирининг шу каби саволларига Фанлар академияси Механика ва иншоотлар сейсмик мустаҳкамлиги институти директори, физика- математика фанлари доктори, профессор Каримжон Султонов жавоб берди.
—Кейинги пайтларда юртимизда кўп қаватли, осмонўпар бинолар қурилишлари кўпайди. Аҳоли орасида бу уйлар мустаҳкамми, зилзилага бардошлими, деган саволлар пайдо бўлиши табиий. Чунки, Ўзбекистон ҳудудининг 70 фоизини зилзила содир бўлиши мумкин бўлган жойлар ташкил этади. 1966 йилда Тошкентда содир бўлган ер қимирлашидан ҳам кўплаб одамлар талафот кўрган, бошпанасиз қолган, яқинларидан айрилган.
Ҳозирги уйларнинг зилзилага бардошлилигини назорат қилиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Биринчидан, сейсмик хавфсизлик бўйича қонун қабул қилинди. Президент фармонлари ҳамда қарорлари чиқди. Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида сейсмик хавфсизлик бўйича алоҳида бўлим ташкил этилди. Бу бўлим ҳозирги кунда кўплаб институтлар билан ҳамкорликда ишлаяпти.
Механика институти мустаҳкамликка жавоб беради. Бино ёки иншоот, машина механизми, кўприклар, тўғонлар каби ҳар қандай қурилиш объектларининг мустаҳкамлиги, ундан ташқари техника ва технологияларда ишлатиладиган конструкциялар мустаҳкамлигини ҳам биз текширамиз. Бинолар мустаҳкамлигини текшириш эса энг асосий йўналишларимиздан бири.
ЎзАнинг YouTube саҳифасида Каримжон Султонов билан суҳбатнинг тўлиқ қисмини кўришингиз мумкин.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/R8QPpi3oNKE?si=rFQY11X8wj3QCtMN" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>
Нигора Раҳмонова,
Аброр Содиқов (видео),
Улуғбек Тўхтаев (монтаж)
ЎзА