Билимли ва ташаббускор ёшлар Ватан равнақига дахлдор
Шинамгина хонадаги иш столи. Тунги чироқ ёруғида хорижий университет дарсликларини варақлаётган талаба. Стол четида эса ўз юртини эслатиб турувчи Ватан байроғи ва уни вояга етказган ота-онасининг сурати…
Чет элда таҳсил олаётган юртимиз ёшлари замонавий билим ва тажриба орттириш йўлида изланар экан, қалбининг бир чеккасида Ватан, оила ва яқинлари соғинчини туйиб яшайди.
Бир пайтлар ёшларнинг хорижда таълим олишига "ортга қайтмас йўл" сифатида қаралар эди. Боиси, улар билим ва тажрибасини муносиб рўёбга чиқариш учун зарур имкониятлар етарли бўлмаган. Бугун эса қарашлар тубдан ўзгарди.
Кейинги йилларда мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсати ҳамда алоҳида ташаббуслар уларнинг юртда равнақ топиши учун имкониятлар эшигини очди. Таълим, тадбиркорлик, илм-фан ва халқаро муносабатлар каби кўплаб йўналишлардаги янгича ёндашувлар мамлакатимиз равнақига сабаб бўлмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 22 июль куни Тошкент вилоятининг Нурафшон шаҳрига ташрифи асносида ҳудуддаги ижтимоий инфратузилма, рақамли технологиялар, саноат ҳамда шаҳарсозлик соҳаларида амалга оширилаётган ишлар билан танишди.
Маълумки, айни соҳалар ривожида замонавий билим ва халқаро тажриба муҳим ўрин тутади. Шу боис бугун хорижнинг нуфузли олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган ўзбекистонлик ёшларга мамлакатимизнинг эртанги тараққиёти учун интеллектуал куч сифатида қаралмоқда.
АҚШнинг Cincinnati университетида таҳсил олаётган Моҳинур Саидакбарова ҳам юртимизда амалга оширилаётган ислоҳот ва имкониятларлардан фойдаланган ҳолда етук кадр бўлиб етишишга бел боғлаган ёшлардан бири. Президентимизнинг Нурафшон шаҳрига ташрифи доирасида унинг фикрларига қизиқдик.

— АҚШда ўқиш давомида Ўзбекистон ҳақида кўп саволлар беришади. Айниқса, дунёнинг турли давлатларидан келган талабалар менинг таълим олиш жараёнида молиявий муаммолар ҳақида қайғурмай, бутун эътиборимни фақат ўқишга қаратаётганимни кўриб ҳайратланишади. Улар бунинг сабабини сўрашганда, Ўзбекистондан эканимни ва таълимим “Эл-юрт умиди” жамғармаси томонидан қўллаб-қувватланаётганини айтаман. Шунда улар давлатимиз ёшлар учун яратган имкониятларга ҳавас билан қарашади. Кўплаб хорижлик тенгдошларим ўқиш харажатларини қоплаш учун ишлашга мажбур бўлса, мен вақтимни кутубхонада билим олишга сарфлай оламан. Менимча, бу нафақат катта имконият, балки улкан ишончдир.
Дарҳақиқат, Моҳинур каби дунёнинг нуфузли олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган ўзбекистонлик ёшлар сафи йилдан-йилга кенгайиб бормоқда. Хусусан, биргина ўтган йили "Эл-юрт умиди" жамғармаси томонидан ўтказилган очиқ стипендия танлови якунларига кўра, хорижнинг нуфузли олий таълим муассасаларида бакалавриат, магистратура ва докторантура босқичларида таҳсил олиш учун қарийб 200 нафар иқтидорли ёш ғолиб сифатида тавсия этилган. Жорий йилда эса бу кўрсаткич янада оширилиб, нуфузли хорижий олийгоҳларда таълим олиш учун 500 та квота ажратилди.
Аслида, бугунги ислоҳотларнинг мазмуни битта муҳим ҳақиқатни тасдиқламоқда. Ҳар қандай мамлакатнинг ҳақиқий бойлиги унинг ер ости ёки табиий ресурслари эмас, балки билимли, ташаббускор ва Ватан равнақига дахлдорлик туйғуси билан яшайдиган ёшларидир. Шунинг учун ҳам уларнинг таълим олиши, илмий изланиши ва халқаро тажрибани эгаллаши мамлакат келажаги тараққиёти учун муҳим асос ҳисобланади.
Марҳабо ҲОЖИАКБАРОВА,
ЎзА