Билим, заковат баҳси ўтказилди
“Ватанпарварлик ойлиги” доирасида Тошкент ҳарбий округига қарашли Мирзаобод туманидаги сафарбарлик чақируви резерви баталионида аскарлар ўртасида навбатдаги қизиқарли ва руҳлантирувчи “Қувноқлар ва зукколар” кўрик-танлови ўтказилди.
Тадбир ҳарбий хизматчиларнинг интеллектуал даражасини ошириш, жамоавий ишлаш кўникмаларини мустаҳкамлаш ҳамда уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишга қаратилди.

Танловда Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Сирдарё вилояти Кенгаши ва ҳарбий қисм раҳбарияти билан бирга ёш ҳарбий хизматчилар ҳам фаол иштирок этишди. Аскарлар бир нечта жамоаларга бўлиниб, билимдонлик, топқирлик, тезкор фикрлаш ҳамда ижодий маҳорат йўналишларида ўзаро беллашдилар.

Мусобақа дастуридан мантиқий саволлар, саҳнавий чиқишлар, ҳаётий вазиятлар асосида тайёрланган қизиқарли топшириқлар ва турли интеллектуал босқичлар ўрин олди. Бу орқали иштирокчиларнинг заковати, нутқ маданияти, юмор ҳисси ҳамда жамоада ишлаш қобилияти ҳар томонлама синовдан ўтказилди.

Кўрик-танлов якунлари бўйича биринчи ўринни “Қалқон” жамоаси қўлга киритди. Иккинчи ўринни “Атом” жамоаси, учинчи ўринни эса “Бойваччалар” жамоаси эгаллади.

Ғолиб ва совриндор жамоалар баталион командирининг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланишди.

Тадбир ҳарбий хизматчилар томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар билан байрамона руҳда давом этди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири