Божхоначилар киберхавфсизлик бўйича малака оширди
Давлат чегараси дахлсизлиги каби миллий ахборот маконини ҳимоялаш ҳам стратегик аҳамиятга эга. Жиззах божхоначилари иштирокидаги машғулотда шу масалага эътибор қаратилди.
Жиззах вилоят божхона бошқармасида шахсий таркиб ва эркин ёлланган ходимлар учун “Рақамли суверенитет ва миллий киберхавфсизлик” мавзусида касбий тайёргарлик машғулоти ўтказилди. Тадбирда глобал рақобат шароитида ахборот ресурсларини муҳофаза қилиш ва кибертаҳдидларнинг олдини олиш масалалари муҳокама қилинди.


Соҳа мутахассислари томонидан рақамли суверенитет, миллий ахборот ресурсларини ҳимоялаш ва киберхавфларга қарши туриш масалалари юзасидан тушунтиришлар берилди. Интернетдан хавфсиз фойдаланиш, ахборот тизимларида маълумотлар дахлсизлигини таъминлаш чоралари белгиланди.
Ходимларга шубҳали электрон хабарлар ва ҳаволалардан эҳтиёт бўлиш, хизмат маълумотларини муҳофаза қилиш юзасидан зарур тавсиялар берилди.

Зеро, рақамли макондаги ҳар қандай бепарволик хизмат маълумотлари хавфсизлигига таҳдид туғдириши мумкин. Шу боис киберхавфсизликка риоя этиш нафақат техник талаб, балки давлат манфаатларига дахлдор хизмат масъулиятидир.
Абдужалол Қаюмов,
ЎзА мухбири